Ссылки доступа

Битирувчиларни ишга жойлаш ўқитувчилар ва ота-оналар зиммасига юкланмоқда


Ўзбекистоннинг айрим вилоятларидаги мактабларда ўқитувчилар битирувчиларнинг иш билан таъминлангани ҳақидаги ҳужжатларни тўплашга жалб этилмоқда.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги мактаб ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ва бошқа ҳамкасблари битирувчиларнинг ишга жойлашганлиги ҳақидаги ҳужжатлардан ташқари, ишсиз ёшларнинг ота-оналаридан фарзандларини ишга жойлаш тўғрисида тилхатлар олишга ҳам кўрсатма олганини айтди.

“Туман ҳокими ва Халқ таълими бўлими тинчгина ишлашимизга қўймаяпти. Ўтган йили битирган мактаб ўқувчиларимизни иш билан таъминлаш ҳам бизга юклатилди. Биз уларни иш билан таъминлашга масъул эмасмизку”, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган муаллим.

Бундан олдин Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан мактаб ўқитувчилари ҳам айни масалада Озодликка мурожаат қилишганди.

“Битирувчилардан ишга жойлашгани ҳақида ҳужжатларни тўплаяпмиз. Жойлаша олмаганларига ҳар куни солиқ идорасида ўтириб, 10 минг сўмдан тўлов қилиб, ҳар бирига иш стажи очтиришга мажбур бўляпмиз. Чунки битирувчи ишсиз қолса, бизга гап тегади”, - деб ёзди тошлоқлик муаллим.

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими ўқитувчилар бу ишга мажбурий жалб этилмаётганини таъкидлади.

“Ўқитувчилардан мактабни битирганлар нима иш билан банд, шуни аниқлаб бериш сўралган. Чунки улар ҳар бир битирувчини, оиласини яхши билади. Шунда ҳам мажбурий бўлаётгани йўқ бу. Иш билан таъминлаш масаласи билан улар шуғулланаётгани йўқ. Бандлик вазирлигининг зиммасида бу”, - деди ХТБ мулозими.

Ўзбекистондаги мактабларда ўқитувчилар ёшларнинг иш билан таъминлангани бўйича ҳужжат тўплашга жалб этилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ўтган йили ҳукумат мажлисида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов халқ таълими тизими ходимлари йиллар давомида маҳаллий ҳокимликларнинг дастёрларига айланиб қолганини айтар экан, маҳаллий ҳокимлар ва раҳбарлар ўқитувчиларни мажбурлаб ишга чиқарадиган бўлса, улар нафақат ишдан олинади, балки тегишли чора кўрилади, деганди.

Бош вазирнинг огоҳлантиришига қарамай жойларда ўқитувчилар сайлов билан боғлиқ ишлардан тортиб бандлик бўйича маълумот тўплаш сингари мажбурий меҳнатнинг янги ва янги турларига жалб этилаётганликларини айтишмоқда.

Айрим ота-оналар бу каби амал ўтган йили ҳам бўлгани, ўқишга киролмаган битирувчилар иш берувчидан ишга олингани ҳақида меҳнат дафтарчасига муҳр бостириб, кейин Россияга кетиб қолганликларини айтишади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, бу йил умумтаълим мактабларини 437 минг 761 нафар ўғил-қиз тамомлаган.

Шулардан 90 минг нафари олий ўқув юртларига, 80 минг мактаб битирувчиси касб-ҳунар коллежларига қабул қилинган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, шу йилнинг биринчи ярмида ишсизлик даражаси ўртача 9 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан кўпроқни ташкил қилади. Бу аҳолининг қарийб 55 фоизи дегани.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябрь ойида ўтказилган ҳукумат мажлисида мамлакатда 18−30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этишини айтган эди.

XS
SM
MD
LG