Ссылки доступа

Қорақалпоғистон: Ҳибсга олинганларнинг бир қисми қўшни вилоятларга олиб кетилган


Қорақалпоғистонда шу йилнинг 1-2 июль кунлари тартибсизликларга айланиб кетган оммавий норозилик намойишларига алоқадорликда ҳибсга олинган юзлаб одамнинг бир қисми қўшни Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги ҳибсхоналарда ушлаб турилибди.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб маълум қилган маҳаллий журналистнинг сўзларига кўра, қўшни вилоятларга олиб кетилганлар ҳукумат назарида тартибсизликларга етакчилик қилганлар деб гумонланган шахслардир.

"10-15 суткага қамалганлар Қорақалпоғистоннинг ўзида ушлаб турилибди", деди вазиятдан хабардор маҳаллий журналист.

4 июль куни Ўзбекистон Миллий гвардия Ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров Нукусдаги тартибсизликларда қатнашганликда гумонланиб 516 киши ҳибсга олинганини билдирган эди.

Бош прокуратурага кўра, ҳибсга олинганларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қанча моддаси, жумладан, 159- Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

5 июль куни Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини Нукусда айнан нималар содир бўлганини зудлик билан очиқлаб, норозиларга қарши куч қўлланилиши юзасидан холис, мустақил ва диққат билан текширув ўтказиш ҳамда айбдорларга нисбатан адолатли судловни таъминлашга чақирди.

4 июль куни Европа Иттифоқи Қорақалпоғистондаги зўравонликликларни мустақил тергов қилишга чақирганди.

Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда республика мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари 1 июль куни бошланиб, 2 июль оқшомида хавфсизлик кучлари томонидан бостирилган.

4 июль куни Олий Мажлис президент Мирзиёевнинг мамлакат Конституцияси янги таҳриридаги Қорақалпоғистон Республикасига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги таклифини маъқуллаган.

Ушбу моддалар Қорақалпоғистон Республикасининг "суверенитети" (70-модда) ҳамда "Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқи"(74-модда) ни тасдиқлайди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, тартибсизликлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

2 июль оқшомида Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилингандан сўнг, расмийларга кўра, комендантлик соати тартибини бузган 110 киши ушланган.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манба тартибсизликлар чоғида ҳалок бўлганлар сони "тўлиқ эмас"лигини айтди.

Қорақалпоғистон ССВдаги манбанинг билдиришича, тартибсизликларда яраланганлар сони 247 кишини ташкил этади.

4 июль кунги брифингда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди коменданти, Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев ҳалок бўлганларнинг 14 нафари фуқаролар бўлиб, улардан 13 нафари "алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлгани"ни айтган.

Яна 4 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходими хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Воқеалар борасида расмийлар бераётган маълумотларни ҳозирча мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони йўқ.

Намойишлар арафасида мобил интернетга чекловлар ўрнатилгани хабар қилинган, 1 июлдан бошлаб эса стационар интернет ҳам чекланган. 5 июль куни Нукусда бўлган Gazeta.uz мухбири Шуҳрат Латиповнинг ёзишича, интернет ҳануз чекланган, Нукусдаги аксарият терминал ва банкоматлар ишлаямапти, давлат хизматлари кўрсатилмаяпти.

"Газета.uz" мухбири аҳоли шифохоналар, ўликхона ва ИИБдан яқинларини қидираётгани ҳақида ёзди.

Айни пайтда Нукус яшовчиларидан бирининг айтишича, фавқулодда ҳолат амал қилаётган шаҳар чегарасида блокпостлар ўрнатилган.

XS
SM
MD
LG