Ссылки доступа

“Саботаж”. ХТВ ҳокимликлардан ўқитувчиларга зуғум қилмасликни сўради


Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Андижоннинг Марҳамат туманидаги узр сўраш воқеаси ортидан туман ва шаҳар ҳокимларига алоҳида мурожаат йўллаб, ўқитувчилар қадр-қимматини ерга уришга йўл қўймасликни сўради.

Хатда ўқитувчиларни вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурлаш, фаолиятига аралашиш, уларни обрўсизлантириш, камситиш, зуғум ўтказиш каби бўлаётган ҳолатлар “давлат сиёсатига нисбатан онгли равишда қилинаётган саботаж сифатида баҳоланиши” айтилган.

“Бу каби ҳолатлар аҳоли орасида эътироз ва норозиликка сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида ислоҳотларга ишончсизлик хавфи юзага келган. Ўқитувчиларни камситиш, зуғум ўтказиш, мажбурий меҳнатга жалб этиш каби чидаб бўлмайдиган ҳолатларга йўл қўймасликни сўраймиз”, - дейилади Халқ таълими вазирининг муовини Темуржон Комилов номидан ёзилган хатда.

Ўтган ҳафта Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар ўқувчилар билими қониқарсизлиги, олий ўқув юртига кириш кўрсакичи пасайиб кетгани учун ота-оналардан узр сўрашга мажбурлангани эътирозларга сабаб бўлган эди.

Муаллимларнинг қаторасига туриб узр сўраётгани акс этган видео тармоқларда тарқалгач, Халқ таълими вазири,шунингдек, вилоят ҳокими воқеага муносабат билдириб, устозлардан узр сўраган.

Шундан сўнг туман ҳокимига ҳайфсан берилди, ҳоким ўринбосари ишдан олинди. Туман ХТБ мудири ва мактаб директори ҳам вазифасидан озод қилинди.

Фарғона вилояти Бағдод туманидаги мактаблардан бирида ишловчи рус тили ўқитувчиси Муаззам Қўшбоева Халқ таълими вазирлиги йиллардан буён давом этиб келаётган муаммога эътибор қаратганидан мамнунлигини айтади.

Лекин муаллим фикрича, ҳокимларга битта мурожаат билан йиллардан бери давом этиб келаётган ўқитувчиларни касбий фаолиятига кирмайдиган ишларга мажбурлаш муаммосини ҳал қилиб бўлмайди.

Ўзбекистонда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари энг кам ойлик оладиган ва айни пайтда мажбурий меҳнатга энг кўп жалб этиб келинадиган бюджет ходимлари саналади.

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган тадбирларнинг ўрта ва олий таълим тизимига юклатилиши тажрибаси кўпдан бери мавжуд.

Президент Шавкат Мирзиёев икки йил аввалги чиқишида ўқитувчилар асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз отганини тан олган эди.

Президент ва Бош вазирнинг огоҳлантиришига қарамай, жойларда ўқитувчилар сайлов билан боғлиқ ишлардан тортиб бандлик бўйича маълумот тўплаш сингари мажбурий меҳнатнинг янги ва янги турларига жалб этилмоқда.

XS
SM
MD
LG