Ссылки доступа

Мажбурий обуна -  Президент тақиқига қарамай ўқитувчилар босма нашрларга обунага мажбурланмоқда


Ўзбекистонда бу йил ҳам президент қўйган тақиққа қарамасдан ўқитувчилар босма нашрларга мажбурий тарзда обуна қилинаётгани ҳақда жойлардан хабарлар олинмоқда.

Озодликка келган ҳужжат ва маълумотлар мамлакат бўйлаб даврий нашрларга обуна кампанияси маҳаллий ҳокимият тизимларининг қаттиқ босими остида бораëтганини кўрсатмоқда.

Баъзи вилоятларда мактаб директорларидан "обунани ўз хоҳишим билан ташкил этишга кафолат бераман” деган мазмунда тилхатлар ҳам олинмоқда.

Сирдарё вилоят, Сардоба туманидаги 13-сонли мактаб директорининг туман халқ таълими бўлими мудирига ёзган кафолат хатида обуна ташкил этишга вилоят ҳокимлигида 16 ноябрь куни ўтказилган йиғилиш баëнномаси асос қилиб келтирган.

Хатда мактаб раҳбари “ўз хоҳишим билан “Маърифат кўзгуси”¸ “Янги Сирдарё”¸”Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”¸ “Маънавий ҳаёт” каби ўндан зиёд нашрларига обунани ташкил этишга ҳиссамни қўшишга кафолат бераман” деб ёзган

Самарқанд вилоятида эса “2022 йилги даврий нашрларга обуна режаси” деб номланган ҳужжатда ташкилот ва идораларнинг ҳар бирига газета сонигача обуна бўлиш тақсимлаб берилган.

“Телеграм” каналидаги “Компромат.уз” гуруҳида эълон қилинган режа нусхасида “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд”, “Зарафшон”, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Правда Востока” ва яна ўндан зиёд нашрлар номи келтирилган.

Унинг остидаги изоҳда, газеталарга “мажбурий обуна” вилоят ҳокими Эркин Турдимовнинг ташаббуси экани иддао қилинади

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги Озодлик суҳбатлашган мактаб раҳбарлари ҳам “2021 йилги обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш” ҳақида топшириқ олганликларини айтишди.

Қашқадарё вилоят, Китоб туманидаги мактаблардан бирининг директори обуна режасини бажармаëтган мактаб раҳбарларига ишдан ҳайдаш билан таҳдидлар бўлаётганини иддао қилди.

Ўзбекистонда президент қарорига мувофиқ¸ ўқитувчиларни мажбуран обуна қилдириш тақиқланган.

Шавкат Мирзиëев 2018 йил 14 августдаги 3907-сонли қарорнинг 16-бандида халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқлансин¸ деб ëзилган.

Расмийлар обуна мажбурий эмаслигига ишонтиришга уринишди.

“Бу ихтиёрий, ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Рўйхатга қараган бўлсангиз, мактабларга асосан халқ таълимига тааллуқли, ўқитувчиларга фойдали бўлган нашрларга обуна тавсия этиляпти. Яна бир бор айтаман, мажбурий эмас бу”, - деди Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармасининг 15 декабрь куни Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Ўқитувчилар эса ўз касбий фаолияти учун зарур маълумот¸ китоб ва қўлланмаларни интернетдан олишлари мумкинлигини айтишади.

Собиқ Халқ таълими вазири, ҳозирда Алоқа ва коммуникация вазирлигини бошқараётган Шерзод Шерматов ўтган йил ноябрь ойидаги чиқишида мажбурий обунага йўл қўйилмаслиги ҳақида айтганди.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимлари¸ мактаб ўқитувчилари қолаверса¸ тадбиркорларни расмий нашрларга обуна қилдириш йиллардан бери давом этиб келмоқда.

Британиялик профессор Кристиан Ласслетт ўтмишда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси матбуот хизматини бошқарган Комил Аллламжонов таъсис қилган “Солиқ инфо” хусусий нашрининг солиқ тизими ходимлари¸ қолаверса¸ тадбиркорларга мажбуран сотилгани батафсил тафтиш қилган.

Суриштирувда Алламжоновнинг¸ айнан ўз газетасининг давлат босими воситасида мажбуран сотилгани ортидан бойигани иддао қилинади.

Мажбурий обуна ўзбекистонлик истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг ҳам бир кўринишидир.

Аммо, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси вакили шу пайтгача бирон фуқародан мажбурий обуна юзасидан шикоят тушмаганини билдирди.

Ўзбекистонда ишдан ҳайдалиш ёки бизнесидан айрилиш таҳдидлари остида аксар бюджет ташкилотлар ходимлари ва тадбиркорлар мажбурлаш ҳолатлари бўйича судга мурожаат этишга журъат этолмасликларини айтишади.

“Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамиятига кўра, Ўзбекистонда 1 минг 200дан зиёд газета ва журнал чиқади.

XS
SM
MD
LG