Ссылки доступа

Ўзбекистонда санаси эълон қилинмаган референдумга тайёргарлик авжида


Ўзбекистонда Конституциясига ўзгартиш киритиш бўйича референдум санаси ҳали расман эълон қилинмасдан мамлакат бўйлаб маҳаллалар ва корхоналарда бу тадбирга тайёргарлик бошлаб юборилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Исми очиқланмаслигини сўраган тошкентлик маҳалла фаоли Озодлик билан суҳбатда маҳалла раислари ва аёллар “халқ референдумга чиқмаган тақдирда нима қилиши кераклиги бўйича” ўқитилаётганини айтди.

“Ҳали команда бўлмасдан туриб, бошлаб юборилган. Сайлов комиссияси рўйхатлари тузиб бўлинган. Маҳалла раисларини бир ҳафталаб ўқитишди. Маҳалладан аёлларни омма билан ишлашга ўқитишяпти, халқ чиқмаган тақдирда қанақа қилиб иш тутиш, нима қилиш бўйича ўқитишяпти. Ҳатто, поликлиникадаги врачларни ҳам ўқитишяпти. Шаҳардаги 63- поликлиникага борсам, врачлар ўқишда, дейишди. Мақсад-референдумни ўтказиб олиш, референдум ўтди дейиш учун эллик фоиздан кўп сайловчи қанашиши керак-да. Ҳали референдум куни эълон қилинмасидан молия бу тадбирга пул ажратяпти, ўқитиляпти, хоналар ажратилган”, - дейди маҳалла фаоли.

Ўзбекистондаги етти йирик корханадан бири ҳисобланган, 46 мингдан зиёд одам ишлайдиган Навоий тоғ-кон металлургия комбинатида ҳам референдумга тайёргарлик бошлаб юборилгани айтилмоқда.

Корхонанинг исми очиқланмаслигини сўраган ходими“Навоий кон-металлургия комбинатида 1374 рақамига мажбурлаб телефон қилдириб, президент муддатини беш йилдан етти йилгача узайтирилишига розиман дейишга мажбурлашяпти”, -деган ёзма хабар йўллади.

Навоий тоғ-металлургия комбинати матбуот хизмати бошлиғи Холмамат Раупов ишчи-ходимларнинг мажбуран рефрендумп кампаниясига жалб қилинаётганини рад этди.

Аммо Раупов референдум бўйича "очиқ муҳокамалар" бўлаётганини тасдиқлади.

“Мажбурлаш йўқ. Биринчидан, бунақа рақамнинг ўзи йўқ. Мен бу соҳа бўйича ишлайман, бу соҳа бўйича мутахассисиман. Референдум ҳали эълон қилинмади. Фақат муҳокама кетяпти, ким хоҳласа, таклифини беряпти. Муҳокама бор, лекин референдум ҳақида ҳали бирон гап йўқ”, - деди "Навоий КМК" вакили.

Конституцияга ўзгартишлар юзасидан умумхалқ референдуми санаси ҳозиргача эълон қилинмаган.

15 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси яна бир бор Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 1 августга қадар узайтириш ҳақида қарор қабул қилди.

Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинган ва унинг умумхалқ муҳокамасига 10 кун берилган эди. Аммо 1-2 июль кунлари Конституциянинг янги таҳририда Қорақалпоғистон мақомининг бекор қилинишига қарши Нукусда зўравонликларга айланиб кетган намойишлар ортидан Олий Мажлис муҳокама муддатини яна 10 кунга, ундан кейин эса 1 августга қадар узайтирди.

“Бизга келган маълумотга кўра, референдумни узоғи билан ноябрга қолдирмасдан ўтказишмоқчи. Қорақалпоғистондаги вазият туфайли сал чўзилиб қолди. Мана, менинг қўлимда комиссия рўйхати бор. Ҳали референдум эълон қилинмаган, лекин рўйхатлар тузиб бўлинган”, - дейди маҳалла фаоли.

Референдум амалдаги президент муддатини “ноллаштириши” ва янги президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириши кутилади.

Конституциявий комиссиянинг билдиришича, конституцияга ўзгартишлар билан боғлиқ жамоатчилик муҳокамаси жараёнида “аҳолидан 85 минг таклиф” келиб тушган.

АҚШда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Рафаэл Саттаровнинг фикрича, референдумга тайёргарлик билан боғлиқ бутун жараён Каримов даврини ёдга солмоқда.

“Ҳукумат қарорларига қарасак, ҳали референдум санаси йўқ, лекин жойларда "маҳаллабай" деб айтилаётган бошқарув тизими йўли билан президент муддатини ноллаштиришга қаратилган референдумга тайёргарлик ишлари кетяпти. Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Ҳали референдум куни эълон қилинмасдан туриб, рўйхатлар тузиш Каримов даврида ҳам бўлган. Баъзи бир ҳурматли журналистлар, экспертлар "Ўзбекистон беш-олти йил олдинги Ўзбекистон эмас" деб, қанчалик бот-бот қайтармасин, аслида бу ўша Ўзбекистон. Ҳеч қанақа Янги Ўзбекистон йўқ. Каримов давридаги ноллаштиришни ҳам, ташқи сиёсатни ҳам, монополияни ҳам сақлаб қолган Ўзбекистон бор. Президентлик муддати ноллаштирилаётгани ҳеч кимни ҳайратга солаётгани ҳам йўқ”, дейди Рафаэл Саттаров.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмий вебсайтида референдумга тайёргарликлар бошлаб юборилганини тасдиқлаган.

Ўзбекистон расмийлари келаётган референдумни ислоҳотларни чуқурлаштириш ва инсон ҳуқуқларини кенгайтириш эҳтиёжи билан тушунтиришган. Аммо мамлакат ичкариси ва ташқарисида референдумдан мақсад жорий президентнинг муддатини ноллаштириш деган фикр кенг тарқалган.

Конституцияга ўзгартишлар маъқуллангани тақдирда, Мирзиёев амалда 2040 йилгача ёки умрбод президентликда қолиши мумкин.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 16 марта ўзгартиришлар киритилган.

XS
SM
MD
LG