Ссылки доступа

Самарқанд ШҲТ саммити ва Путин келишига ҳозирланмоқда


"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси йўловчиларни ШҲТ саммити ўтадиган 14-16 сентябрь кунлари Самарқанд халқаро аэропорти ёпилиши ҳақида огоҳлантирди.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси йўловчиларни ШҲТ саммити ўтадиган 14-16 сентябрь кунлари Самарқанд халқаро аэропорти ёпилиши ҳақида огоҳлантирди.

Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммити ўтиши муносабати билан хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилмоқда. Расмий матбуот шаҳарда олиб борилаётган улкан реконструкция ишларига урғу бермоқда.

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари шаҳарда жамоат тартибини сақлашга қўшни вилоятлардан Миллий гвардия ва Йўл-патруль хизмати ходимлари жалб этилганини айтишди.

“Вилоятлар Миллий гвардия машиналари шаҳарда кўпайган. Тошкент номери билан юрган Йўл-патруль хизмати машиналарини ҳам кўп учратяпмиз”, - дейди хавфсизлик сабаб исми очиқланмаслигини истаган самарқандлик фаол.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси йўловчиларни 14-16 сентябрь кунлари Самарқанд халқаро аэропорти ёпилиши ҳақида огоҳлантирди.

Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси эса ШҲТ саммити муносабати билан шаҳар мактабларида ўқиш 19 сентябрдан бошланишини эълон қилди.

“Фақат Самарқанд шаҳри мактабларида ўқиш 19 сентябрдан бошланади, унгача дарслар онлайн ўтказилади”, - деди Самарқанд Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов.

Одатда, коронавирус пондемияси даврида бўлгани каби фақат фавқулодда холатлардагина масофавий таълимга ўтилади.

Расмийлар қайси қонунчилик асосида Самарқандда ўқувчилар уч ҳафтага анъанавий таълимдан узилаётганини изоҳламаяпти.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанддаги ўтадиган саммитида аъзо давлатлар - Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этиши кутилади.

Ҳиндистон ва Хитой раҳбарларининг саммитда иштирок этиши тасдиқланган, аммо Путиннинг келиши ҳақида ҳозирча на Кремль ва на ўзбек томони бирон расмий хабар бергани йўқ.

Бироқ сўнгги ҳафталарда президент Мирзиёев ҳамда Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Путин билан телефон мулоқотларида Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммити кун тартиби муҳокама қилинган.

Маҳаллий фаоллар ва кузатувчилар Самарқанддаги фавқулодда хавфсизлик чораларини Украинадаги уруш бошланган илк ойларда "бункерга яширингани" айтилган ва сўнгги ойларда узоқ хорижий сафарлардан тийилаётган Путиннинг хавфсизлик хавотирлари билан боғлиқ эканини тахмин қилишмоқда.

Бу Россия раҳбарининг Украинага уруш бошланганидан буён постсовет давлатларига учинчи сафари бўлади.

Февраль ойидан сўнг Путин илк бор июнь ойида Тожикистон ва Туркманистонга сафар қилганди.

Ўзбекистонлик журналист Марина Козлованинг фикрича, Самарқанддаги мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари айнан Путиннинг саммитга келиши кутилаётгани билан боғлиқ.

“Аэропорт ва мактаблар ёпиляпти, бутун республикадан Самарқандга хавфсизлик кучлари ташланяпти, фақат бир киши учун, у ҳам бўлса Путин. Украинага уруш фонида яқин маслаҳатчиларидан ҳам масофа сақлаб ўтирган Россия раҳбари учун қилиняпти бу чоралар”, - дейди Марина Козлова.

ШҲТ саммити арафасида маҳаллий блогерларга “салбий” ҳолатлар ҳақида ёзмай туриш тайинланган.

Самарқандлик блогер Темур Саттаров бу ҳақда Facebook саҳифасида ёзди.

Аммо Темур Саттаров топшириқ қайси идорадан бўлганини очиқламаган.

ШҲТ саммити олдидан Самарқанд шаҳри дайдилар ва дайди итлардан тозаланмоқда. Маҳаллий фаолнинг айтишича, Ветеринария назорати ходимлари ёппасига кўчаларида дайди итларни ушлашга жалб этилган.

Унинг сўзларига кўра, байрамлар арафасида ëки президент иштирок этадиган тадбирлар олдидан шаҳарни дайди ит-мушуклар, мангуст ва каламушлардан тозалаш одатий ҳол.

ШҲТ саммити арафасида Самарқандда биноларнинг ташқи кўриниши қайта реконструкция қилинмоқда.

Саммит куни Самарқанд шаҳри вилоятдан келувчиларга бутунлай ёпилиши ҳақида ҳам хабарлар бор.

Самарқанддаги ШҲТ саммитига тайёргарлик тўрт йил олдин бошланган.

“2022 йилда Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитини ўтказишга тайёргарлик ишларини молиявий қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам қабул қилинганди.

Бу ишларни амалга ошириш учун Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси ташкил этилган ва вилоят ҳокимлигига 5 йилга 2 фоизлик 25 млн АҚШ долларига тенг эквивалентдаги кредит ҳам берилган эди.

Ўзбекистон 2016 йилда ҳам Шанхай Ҳамкорлик Саммитига мезбонлик қилган.

Мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримов ўлимидан икки ой олдин, июнь ойида ўтган саммит пайти Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, талабалар муддатидан олдин таътилга жўнатилганди.

XS
SM
MD
LG