Ссылки доступа

Тошкент дўконларида сут тақчиллашди


Ўзбекистонлик истеъмолчилар сўнгги ҳафталарда Тошкентдаги дўконлар расталарида мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган қадоқланган сут тақчиллашганини айтишмоқда.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар энг арзон саналган “Лактел”, “Мусаффо” каби маҳаллий сут брендлари супермаркет расталаридан ғойиб бўлгани ҳақида ёзишди.

Озодликнинг аниқлашича, Тошкентдаги “Корзинка” супермаркетларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сутлар киши бошига учта, баъзи жойларда эса тўрттадан ортиқ сотилмаяпти.

“Ўзимизда ишлаб чиқарилган 1, 2 ва 3.2 фоизли “Лактел”, “Мусаффо” сутларига чеклов бор. Битта одамга тўртта сут берилади. Ички регламент бўйича ҳамма мижозларга етиши учун шундай чеклов қўйилган”, - деди Тошкентдаги “Корзинка” савдо маркази ходими.

“Корзинка” супермаркетлар тармоғида Россия, Болтиқбўйи ўлкаларидан импорт қилинган сутларни кўриш мумкин. Лекин уларнинг нархи маҳаллий сутга қараганда 30-40 фоиз қиммат.

“1,5 фоизли “Простоквашино” сути 24 590 сўм, 2,5 фоизлигиси 27 590 сўм, 3,2 фоизлигиси 29 990 сўм. “Лактел”, “Мусаффо” сутлари 14 490 сўмдан, лекин улар йўқ ҳозир”, - дейди Тошкентдаги “Макро” дўконининг сотувчиси.

Маҳсулот тақчиллиги нархларнинг кескин ошишига сабаб бўлган.

Август ойида “Корзинка”да "Простоквашино" сутининг 3,2 фоизлиги ҳозиргидан 10 минг сўм арзон - 14 490 сўмдан сотилган.

Дўкон сотувчилари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қадоқланган сут маҳсулоти етказиб бермаётганини айтишмоқда.

“Икки ҳафта бўлиб қолди, тўхтаган. Қадоқлаш билан боғлиқ муаммо бўлаётган экан, чунки “Лактел”ни қадоқланган шоколадли кефирлари ҳам келмай қўйган”, - дейди “Макро” супермаркети ходими.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда сут нархи ошиши ва расталардан йўқолиб қолишининг асосий сабаби сифатида дунёдаги энг йирик озиқ-овқат қадоқлаш ишлаб чиқарувчиси бўлган Швеция ва Швейцариянинг қўшма Tetra Pak ширкатининг Украинага тажовуз боис Россия бозорларидан кетгани кўрсатилмоқда.

Ўзбекистонда озиқ-овқат қадоқларини ишлаб чиқарувчи корхоналар йўқ. Украинага уруш бошланишидан олдин қадоқлаш маҳсулотлари Ўзбекистонга Россия заводларидан олиб келинган.

Мутахассисларга кўра, Tetra Pak Россияда ишлаб чиқаришни тўхтатган экан, Ўзбекистондаги корхоналар қадоқлаш маҳсулотини Европадан сотиб олиши ёки сутни шиша ва ё елим идишларга қадоқлаш тизимига ўтишига керак бўлади. Бу эса тез амалга ошадиган иш эмас.

Озодлик суҳбатлашган мутахассислар сут етказиб беришдаги таъминот занжири узилишларининг бошқа сабаблари ҳам борлигини айтишмоқда.

Хоразмнинг Янгиариқ туманида жойлашган Ўзбекистондаги йирик сутни қайта ишловчи “Тилло домор” хусусий ширкати тижорий директори Усмонбек Шариповнинг Озодликка айтишича, сўнгги уч ойда сут етказиб бериш сезиларли даражада камайган.

“Сут етказиб бериш август ойидан бери анча камайди. Буни оқибатида заводимиз тўлиқ қувват билан ишлолмаяпти. Сут йўқ. Ўз-ўзидан пишлоқ, бошқа сут маҳсулотлари нархида бу акс этяпти. Ҳозир Австриядаги ҳамкоримиз билан кунига 100 тонна сутни қайта ишлайдиган заводни қуриб тугатяпмиз. Лекин шуни 50 тонна кунлик қувват билан бошлаймиз, деб турибмиз”, - дейди Усмонбек Шарипов.

Сут тақчиллиги ҳозирча асосан пойтахт дўконларида кузатилмоқда. Лекин соҳа вакилларига кўра, бутун мамлакатда сут тақчил маҳсулотга айланиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.

Ўзбекистонда йилига 10 миллион тоннадан ортиқ сут ишлаб чиқарилади.

“Wawamustats” халқаро рейтингни аниқловчи статистика ташкилоти 2015 йилда Ўзбекистонни жаҳонда сут ишлаб чиқариш кўрсаткичлари энг юқори бўлган давлатлар йигирматалигига киритган эди.

Ўшанда Ўзбекистон 9,9 миллион литр сут ишлаб чиқариш кўрсаткичи билан рўйхатда 18-поғонани эгаллаган. 2019 йилга келиб мамлакат 10,5 миллион литр сут ишлаб чиқариш кўрсаткичи билан 17-поғонага кўтарилган. Дунёдаги йирик сут ишлаб чиқарувчилар қаторида бўлиб келган Ўзбекистон бу йил 22 минг тонна сут маҳсулотини четдан импорт қилган.

Давлат статистика қўмитасига кўра, сут маҳсулотлари импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5,4 минг тоннага ошган.

XS
SM
MD
LG