Совет давридан қолган ичимлик суви таъминоти тизимлари эскириб, яроқсиз аҳволга келган.
Эллик йил олдин қазилган артезан қудуқ 40 минг аҳоли яшовчи Жийда қишлоғи учун ягона ичимлик суви манбаи бўлиб қолмоқда.
Ёшу қари ҳар куни замбилғалтакка ортилган идишларда шу қудуқдан сув ташийди.
Артезан қудуқ атрофида 7 ёшдан 70 ёшгача, ҳатто ундан кексароқ одамларни ҳам учратиш мумкин.
Қудуқдан сув олишга келганлардан бири 66 яшар рус тили ўқитувчиси Шоди Холиқов. Унинг Озодликка айтишича, маҳалланинг муаммолари кўп, аммо ичимлик суви энг оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда.
“40 йилдан буён шу қудуқдан сув ичамиз. Эрталаб бир соат, кечаси бир соат сув бўлади. Олган олади, олмаган эрталаб келиб олади. Бир йилдан буён “Обод маҳалла”га кирган қишлоғимиз, лекин ободончилик йўқ. Президентимиз сув масаласини кўтаряпти, лекин сув йўқ. Ҳалигача сувни бир ярим километрдан олиб келяпти халқ, болалар қўл аравада сув ташияпти, наҳотки шу масаланинг ечими йўқ?”, - дейди Шоди Холиқов.
2020 йилда Яккабоғнинг Жийда қишлоғи “Обод қишлоқ” дастурига қўшилган, Қашқадарё вилояти ҳокимлигидагилар ичимлик суви таъминотини яхшилашни ваъда қилган эди.
Аммо жийдаликлар биронта иш амалга оширилмагани, эскича яшашда давом этаётганликларини айтишади.
Ўзбекистон бўйича сув тармоқларининг қарийб 40 фоизи авария ҳолатида бўлса, 20 фоизи мутлақо ишламайди.
Ичимлик суви тармоқларидан узилган аҳоли уни қиммат нархда сотиб олишга ёки ариқдан оқиб ўтувчи сувни истеъмол қилишга мажбур.
Cаёҳатчиларга тиббий кўмак халқаро ташкилоти Ўзбекистонда кўп жойларда сув тармоғида тозалаш фильтрлари ишламаслиги сабаб водопроводдан оқаётган сувни истеъмол қилиш ошқозон-ичак касаллигини келтириб чиқаришидан огоҳлантириб келади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан буён қишлоқ аҳолиси турмуш тарзини тубдан ўзгартириш ҳақида гапириб келади.
8 февраль кунги ҳукумат мажлисида Мирзиёев келгуси 5 йилда ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилишини ваъда қилди.
Ўзбекистон раҳбарига кўра, сўнгги беш йил давомида аҳоли сув таъминотини яхшилаш бўйича 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилган.
Бунинг натижасида 1,5 миллион аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Ўзбекистон раҳбари 2022 йилда сув таъминотини яхшилаш учун 2 триллион сўм бюджетдан ажратилиши, четдан 245 миллион доллар жалб этилишини айтди.
2020 йилда Жаҳон банки Ўзбекистонда сув таъминоти тизимини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 239 миллионлик кредит ажратган. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳам сув таъминоти лойиҳаларини молиялаб келади.
Ўтган йили Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтинларида 126 минг аҳолини сув билан таъминлашга ажратилган Осиё тараққиёт банкининг 7 миллион долларлик кредити талон-торож қилингани аниқланган.
Уч йил аввал маҳаллий матбуот Гулистон, Жиззах ва Қарши шаҳарлари аҳолисини тоза ичимлик билан таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган йирик миқдордаги маблағ талон-торож қилингани ҳақида ёзган.