Ссылки доступа

Қурилиш вазирига алоқадор ширкатга берилган лойиҳа $42,5 миллионга қимматлади


Ислом цивилизацияси марказини қуриш учун Тошкентнинг машҳур "Ҳазрати Имом" ( Хастимом) мажмуаси атрофидаги 250 га яқин хонадон бузилган.

Ўзбекистонда Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг оила-аъзолари таъсисчи ва асосий ҳиссадорларидан бўлган "Трест-12" ширкатига Ислом цивилизацияси маркази қурилиши учун 1,7 триллион сўм маблағ ($161,5 млн) ажратилиши маълум бўлди.

Бу лойиҳанинг аввал эълон қилинган умумий қийматидан (119 млн) $42,5 миллионга кўп, дегани.

Маҳаллий нашрлар Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳудудида қурилаётган марказ қурилиши бўйича 11 октябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" ИК ҳамда пудратчи "Трест-12" ширкати ўртасида янги шартнома тузилгани ҳақида ёзди.

Ислом цивилизацияси марказини қуриш президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори.асосида бошланган эди.

Қурилиш вазирининг хотини ва ўғли акциядорлари бўлган “Трест 12” ширкати лойиҳанинг бош пудратчиси этиб танланганди.

11 октябрь куни имзоланган янги шартномада мазкур лойиҳа учун жами 1 трлн 723 млрд сўм (Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича бу 161 миллион доллардан ортиқ) маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатда 2018 йилдан буён марказ қурилишига, қўшимча қиймат солиғини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 650 миллиард сўм атрофида маблағ сарфлангани айтилади, қилинажак қолган ишлар қиймати қарийб 1 миллиард 100 миллион сўм атрофида баҳоланган.

2017 йилда имзоланган олдинги шартномада қурилиши қиймати қанча бўлгани маълум эмас.

Президент қарорида марказ биноси қурилишига россиялик миллиардер, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ҳомийлик қилиши кўрсатиб ўтилган.

"Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар машҳур ватандошимиз, россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин", - дейилади ҳужжатда.

Усмонов марказ қурилиши учун 100 миллион доллар ажратгани маълум қилинган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази Тошкентнинг машҳур "Ҳазрати Имом" мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилмоқда.

Марказ биносининг узунлиги 145 метрни, эни эса 115 метрни ташкил этиб, бино уч қаватдан иборат бўлади. Бинонинг маркази гумбази баландлиги 64 метрни ташкил этади.

Янги қурилишга ер очиш учун уч йил аввал 250га яқин хонадон бузиб ташланган эди.

Аҳоли норозилиги ортидан уйлари бузилганларга шаҳар чеккасида янги қурилган турар жой биноларидан хонадонлар ажратиб берилган.

Бундан олдин умумий қиймати қарийб ярим триллион сўмга тенг Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги маъмурий бино реконструкцияси ва автотураргоҳ қурилиши лойиҳасининг ҳеч қандай тендерсиз берилгани ҳукумат доираларидаги манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги саволларни ўртага чиқарганди.

Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри ҳужжатларига кўра, “Трест-12” ширкатининг 51,1 фоизлик акцияси Тошкент шаҳар ҳокимлигига, 19,1 фоизи эса Қурилиш вазирининг рафиқаси Муаззам Зокировага, 14,1 фоизлик акцияси вазирнинг ўғли Жасур Зокировга тегишли.

Акциядорлар орасида яна 12 кишининг исми келтирилган. Улар орасида Қурилиш вазирининг жияни Муҳайё Зокирова ҳам бор.Ўзбекистон Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридан олинган ҳужжат.

Ботир Зокировнинг ўзи ҳам Қурилиш вазири бўлгунига қадар 2019 йилда “Трест-12” акциядорларидан бири, 1996-2011 йилларда эса компания бошқаруви раиси бўлгани маълум.

Қурилиш вазирига алоқадор “Трест-12” ширкатининг қандай асосда Тошкент марказидаги бир неча юз миллиард сўмлик йирик қурилиш лойиҳалари пудратчиси этиб танлаб олингани ҳақида ҳануз расмий изоҳ берилгани йўқ.

Аввалроқ Ўзбекистон Қурилиш вазирлигида ишловчи ўрта бўғин мулозимлардан бири бундай қиммат лойиҳалар давлат ҳисобидан қурилиши сабаб "шахсан президент Мирзиёев кўрсатмаси билан “Трест-12”га ишониб топширилгани"ни айтганди.

Британиядаги Алстер (Ulster) университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслетга кўра, Ўзбекистон Қурилиш вазирининг рафиқаси ва ўғли акциядорлари бўлган “Трест-12” ширкати Тошкент марказидаги йирик қурилиш лойиҳаси пудратчиси этиб танлангани манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ хавотирларни туғдиради.

“Ярим триллион сўмлик лойиҳанинг Қурилиш вазирига алоқадор ширкатга тендерсиз берилиши жуда хавотирли. Бу юқори доиралардаги манфаатлар тўқнашуви борасида жиддий хавотирларни уйғотади. Бу ерда шаффофлик принциплари бузиляпти. Йирик лойиҳалар очиқ ва рақобатга асосланган тендерларсиз амалга оширилаётгани муаммоли вазиятларни келтириб чиқаради. Умумэътироф этилган принципларга зид бундай амал бюджет пулларининг бир ҳовуч одамлар қўлида талон-тарож бўлиб кетиши учун ҳам йўл очади”, - деб таъкидлайди Ласслетт.

Халқаро майдондаги давлат ва хусусий бизнес манфаатлари тўқнашувини тадқиқ қилиб келаëтган профессор Ласслеттнинг айтишича, Қурилиш вазири Ботир Зокировга алоқадор “Трест-12” ширкатига бир неча миллион долларлик қурилиш лойиҳалар биринчи марта тендерсиз берилаётгани йўқ.

Ўзбекистонда сўнгги 10 йил ичида бу ширкат умумий қиймати $800 миллиондан зиёд ўнлаб қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарган.

“Бир қанча давлатлардаги Ўзбекистоннинг ваколатхоналари, жумладан Тожикистон ва Қозоғистондаги элчихоналари реконструкциясидан тортиб Hyatt Regency меҳмонхонаси ва лойиҳа қиймати сал кам 100 миллион долларлик Ислом цивилизацияси маркази қурилишлари лойиҳаларини “Трест-12” бажарган. Бизда бу қурилишларга оид ҳужжатлар мавжуд ва шу ҳужжатларда ширкат тендерсиз танлаб олинганини кўриш мумкин. ”, - дейди британиялик тадқиқотчи.

“Трест-12” ширкати Вазирлар Маҳкамаси, Сенат, Молия вазирлиги бинолари, “Бунёдкор” стадиони, Hyatt Regency меҳмонхонаси ва лойиҳа қиймати сал кам бир триллион сўм деб баҳоланган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Тошкентдаги “Ғалаба боғи” қурилишлари лойиҳаларини амалга оширган.

Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари олдини олиш, хусусан буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида қариндошлик ёки бошқа алоқалар мавжудлигини аниқлаш бўйича механизмлар мавжуд эмас.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунда ҳам манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари натижасида давлатга кўп миқдорда зарар етказилган бўлса-да, жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

XS
SM
MD
LG