Ссылки доступа

Мустақиллик монументи: Турк ширкати 63 кунда тиклаган ёдгорлик қанчага тушгани очиқланмаяпти


60 метр баландликдаги ёдгорлик турк компаниялари томонидан турк дизайнери Синан Тураман лойиҳаси бўйича ўрнатилди.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи қурилиши учун қанча маблағ сарфлангани жамоатчиликдан сир сақланмоқда.

Қурилиш буюртмачиси бўлган Тошкент шаҳар ҳокимлиги Озодликнинг бу борадаги мурожаатини жавобсиз қолдираркан, монументни 63 кунда қуриб битказганини айтган турк ширкати харажатларни очиқлай олмаслигини билдирди.

Мустақиллик монументини ўз ичига олган “Янги Ўзбекистон” боғи Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида президент Шавкат Мирзиёев томонидан тантанали очилган эди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига қурилган Мустақиллик монументи, унинг муаллифларига кўра, ўзбек халқининг 3000 йиллик тарихини акс эттиради.

Янги ёдгорлик Ўзбекистон пойтахтидан унчалик узоқ бўлмаган “Янги Ўзбекистон” боғида жойлашган бўлиб, у мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги кунида очилди.

Ислом Каримов ўлимидан беш йил ўтиб, илк бор катта майдонга кўчган Мустақиллик байрами тантаналари ҳам шу боғда ўтказилди.

60 метр баландликдаги ёдгорлик “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” турк ширкати томонидан турк дизайнери Синан Тураман лойиҳаси бўйича ишланган.

Монумент Амир Темур мақбараси ва Самарқанддаги Регистон мажмуасининг элементлари, Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси, Ал-Берунийнинг "Ой фазалари", Ал-Хоразмийнинг “Ал Жабр ва Ал Муқобала”си ҳамда Амир Темур даври нақш ва мотивларини ҳам ўз ичига олади.

"Биз турк дўстларимиз билан биргаликда умумий майдони 1 миллион квадрат метр бўлган паркнинг юраги деб аташ мумкин бўлган Мустақиллик монументини қурганимиздан фахрланамиз", - деган унинг муаллифи туркиялик диайнер Синан Тураман Туркиянинг давлат “Анадолу” ахборот агентлигига.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбалари ёдгорлик учун давлат бюджетидан логистика харажатларидан ташқари, 6 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфлангани, стелланинг темир конструкциясидан тортиб дов-дарахт ва яшил безакларигача ўнлаб фура ва учоқларда Туркиядан олиб келинганини айтишади.

Монументнинг барельеф ишлари эса, маҳаллий ҳайкалтарошлар томонидан амалга оширган.

“Янги Ўзбекистон” боғидаги баландлиги 60 метрлик монументнинг 300 тонналик пўлат ва мис конструкцияси Туркияда тайёрланиб, Ўзбекистонга 85та фура ва 16 та учоқда етказилган.

Монументнинг мармар тошлари ҳам Туркиянинг Сирвиҳисор, Афён, Эски шаҳар ҳудудларидан келтирилгани айтилади.

“Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкати монументни 63 кунда қуриб битказганини айтмоқда.

Ширкат вакли Дарё Балжи шу йилнинг май ойида Мустақиллик монументи қурилиши учун Ўзбекистондаги ҳайкалтарошлик ширкатлари орасидан танлаб олинганликларини айтади.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаси “Янги Ўзбекистон” боғида тикланган монументни беш йил аввал Мустақилликнинг 25 йиллигига ўрнатиш режалангани, мамлакатнинг аввалги президенти Ислом Каримов вафоти ортидан режа амалга ошмай қолганини айтди.

“Монумент Мустақилликнинг 25 йиллигига қӯйилиши керак эди. Каримов ӯлгани учун қӯйилмай қолди. 5 йил ётди Туркияда, 30 фоиз пули тӯланмаган ҳолда ётди. ЦУМ олдига, “Голубые купола”ни бузиб қӯйишмоқчи эди. Аммо тӯполон кӯтарилиб кетди. Кейин Мустақилликнинг 30 йиллигига парк қилиб қӯйишди”, - дейди Ўзбекистон Президенти администрацияга яқин манба.

Мулозимнинг иддаосича, лойиҳа Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор ширкатлар воситачилигида амалга оширилган.

Аммо Озодлик билан суҳбатда Туркиядаги “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкатининг Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўйича директори Дарё Балжи ҳалол тендерда ютиб чиққанликларини урғулади :

“Ёдгорликни қуриш тўғрисидаги қарор 2021 йил бошида қабул қилинган. Эҳтимол, у 5 йил олдин ҳам кун тартибида бўлгандир. Бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмасмиз”, деди турк ширкати вакили.

Тошкентлик рассом Ширин Тошева мамлакатнинг ўзида потенциал бўлатуриб, ёдгорликларни чет эл ширкатларига буюртма қилишни ортиқча харажат, деб ҳисоблашини айтади.

“Бу қаердадир ясаб олиб келинаётган навбатдаги ёдгорлик. Ўзимизда моҳир ҳайкалтарошлар бўлатуриб, чет эллардаги фирмаларга миллион-миллион долларларни тўлаб ёдгорлик қуриш, бу - нафақат пулларни совуриш, балки маънавий жиҳатдан ҳам тўғри қарор эмас. Мустақиллик монументимизни ҳам чет давлатлардаги фирмалар қуриб бераётганининг ўзи, принцип жиҳатдан нотўғри. Четда тарихимизни биздан-да яхшироқ кўрадиган санъатчи йўқ. Бу монумент жуда зерикарли, шундоқ ҳам ҳамма жойни қуш босиб кетди. Жуда қиммат китч асар. Бошқа томондан Париждаги Эйфел минораси ҳам хунук эди, кейин парижликлар бунга кўникишди, тошкентликлар ҳам кўникишар”, - дейди Ширин Тошева.

Туркиядаги “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкати Ўзбекистоннинг янги стратегияси доирасида боғлар ва тематик парклар устида ишлаётганини айтмоқда.

Ширкат ёпиқ ўйин парки дизайни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон билан шартнома имзолаган.

Тошкентдаги Мустақиллик монументи ўзбек солиқ тўловчилари пулига чет давлатларда тайёрланиб, олиб келинган иккинчи ёдгорликдир.

Шу йил бошида Жалолиддин Мангубердининг 50 тонналик ҳайкали Россияда тайёрланиб, Урганч шаҳрига олиб келинганди.

Мангубердининг 25 метрлик ҳайкали ва унинг остидан ўтувчи ярим километрлик ер ости йўлининг қурилиши апрель ойида бошланган ва уни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллик санасига битказиш мўлжалланган эди.

Аммо баъзи муаммолар сабаб мажмуа қурилиши кечикяпти. Ўтган ой Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида ҳайкал ва уни остидаги тунел қурилишини кўздан кечирди.

Озодлик маабаларига кўра, қазиш пайти ер остидан сув сизиб чиқиши қиймати камида 2 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган ҳайкал ва мажмуа қурилишини хавф остига қўйган.

XS
SM
MD
LG