Ссылки доступа

Дарахтларига қирон келтирилган Тошкентнинг ҳавоси қанчалик ифлос?


Ўзбекистон пой тахти Тошкентда сўнгги бир йил ичида учинчи марта ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши кузатилмоқда.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда сўнгги бир йил ичида учинчи марта ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши кузатилди.

Ҳаво сифатини кузатувчи AQAir индексига биноан, 18 октябрь куннинг иккинчи ярмида Тошкентда ҳавонинг ифлосланиши 101-150 орасида, яъни “муайян гуруҳлар учун хавфли” даражани ташкил қилган.

Бир кун аввал шаҳарда ҳаво сифати "хавфли" ва "ўта хавфли" кўрсаткичлари орасида эди.

“Ўзгидромет” 17 октябрь куни ҳавода инсон ўпкасини бўғиб қўйишга қодир чанг миқдори хавфсизлик кўрсаткичларидан ошиб кетганини айтиб, пойтахт аҳолисини имкони борича уйдан чиқмасликка, кўчада бўлганда, албатта тиббий ниқоб тақиш ва уни ҳар бир соатда алмаштириш лозимлиги ҳақида огоҳлантирганди.

“Ўзгидромет” матбуот котиби Муниса Асалхўжаева Озодлик билан суҳбатда 18 октябрь куни ёғингарчилик ҳисобига ҳавода чанг заррачалари анча камайганини айтди.

Тошкент ва яқин ҳудудларда ҳавонинг ифлосланиши ва чанг бўронлари сўнгги йилларда тез-тез кузатилмоқда.

Мутахассисларга кўра, Тошкентдаги ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши ортидан табиий омиллар билан бирга, инсон омили турибди.

"Бу кўпроқ, чанг, турли жинсларнинг зарралари. Лекин, айрим шаҳарларнинг ҳавоси, буларнинг рўйхати маълум, кимёвий жиҳатдан кучли заҳарланган", деб ёзди биолог олим Бахтиёр Абдуғафур ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Унинг ишонишича, Тошкент шаҳри мисолида Ўзбекистонни оғир келажак кутмоқда.

"Бу олис эмас, жуда яқин. Кейинги беш йилликнинг оғир ўтиш эҳтимоллиги жуда юқори. Ҳавонинг нисбий намлиги камайиши, дарахтлар ҳисобидаги яшил биомассанинг ўрни тўлдирилмагани, табиий тўсиқларнинг йўқлиги бу муаммонинг улғайиб боришига олиб келади.

Биз улкан чангқозон ичида яшаймиз, шуни унутмаслик керак. Инновацион ечимларни қидириш, уларга пул сарфлаш, муҳокама қилиш, сон-саноқсиз тадбирлару кўргазмалар эмас, тайёр, лабораториялардан чиқмаётган, қалин-қалин ҳисоботларда сиёҳи ўчаётган ишланмалардан фойдаланиш керак", дейди олим.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари пойтахт ҳавосининг нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлосланишида сўнгги йилларда дарахтларнинг оммавий кесиб ташланиши ва Тошкент экотизимига зарар етказаётган пала-партиш қурилишларни айблашади.

“Ўзгидромет” матбуот котиби Мунисахон Асалхўжаева ҳам пойтахт ҳавосида чанг заррачалари кўпайишини дарахтлар кесилиши ва қурилишларга боғлайди.

Жаҳон бўйлаб ҳаво тозалигини баҳолайдиган IQAir индексида Тошкент шаҳри дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида тилга олинади. Ташкилотнинг ўтган йилги ҳисоботида шаҳардаги ҳаво даражаси "ўта носоғлом" дея баҳоланган.

Тошкент ҳавосидаги PM2.5, яъни нозик заррачалар даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўрсатмасидагидан 34,4 марта юқоридир. Ташкилотга кўра, Тошкент ҳавосининг ифлослигига энг катта сабаб эскирган автомобилларнинг кўплигидир.

Экологларнинг айтишларича, чанг шаҳар ичидан, хусусан, қурилиш майдончаларидан ҳам ҳосил бўлади. Қурилиш иншоотлари муҳофаза филтр пардалари билан ўраб олиниши шарт.

Сариқ чанг, шунингдек, вируслар, замбуруғлар, бактериялар ва ҳатто оғир металларни олиб юради, улар инсон саломатлиги учун ўта таҳликали.

Жумладан, асбест чанги таъсиридан ўлим ҳоллари кўпайиши аниқланиши ортидан ўтган асрда кўпгина мамлакатлар асбестдан тайёрланган конструкцияларни қурилишларда ишлатишни тақиқлаган.

Ўзбекистонда эса, асбестдан тайёрланган материаллар ва шиферлар соғлиқ учун зарарли бўлишига қарамасдан, қурилишларда ҳамон кенг ишлатиб келинади.

Эколог Руслан Ҳаирнуров ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган яна бир омилга эътибор қаратади.

“Қурилишлар, дарахтлар кесилиши ҳақида кўп айтиляпти. Бу катта муаммо. Мен буларга қўшимча сифатида шаҳарда ариқлар камайиб кетганини ҳам айтган бўлардим. Дарахтлар билан бир қаторда ариқдаги сувлар ҳам чангни ўзига тортади”, - дейди Хаирнуров.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, чанг ўзи билан ўлимга сабаб бўлувчи касалликларни олиб келади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, чанг ўзи билан ўлимга сабаб бўлувчи касалликларни олиб келади.

Чанг бактерия ва вирусларни олиб юриши мумкин. Шунингдек, турли хил нафас олиш ва қон айланиш касалликларини келтириб чиқаради.

Ҳавонинг ифлосланиши дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби экани маълум. Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишидан ўлим ҳолатлари ҳар юз минг кишига 81 нафарни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG