Ссылки доступа

Сайлов бюллетенига “Сайловингга ҳам, номзодларингга ҳам...” деб ёзган фаол сўроқ қилинганини айтмоқда


Ўзбекистонлик шифокор ва сиёсий фаол Жавоҳир Хотамов.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги шу йил июнида рўйхатдан ўтказишни рад этган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясига имзо йиққан фаол куч ишлатар тизимларининг босимларидан шикоят қилмоқда.

Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи шифокор Жавоҳир Хотамов Озодлик билан суҳбатда 30 ноябрь куни ўзларини “жиноят қидирув бўлимиданмиз”, деб таништирган фуқаро киймидаги шахслар уни иш жойида сўроқ қилганини айтди.

“Жиноят қидирув бўлимиданмиз, деб таништиришди. Ундан олдин ўзини Ўктам деб таништирган одам Ички ишлар бўлимига келишимни айтганди. Мен бормадим. Зам. глав врачимизга айтиб қўрқиттирган. Боринг, акс холда ишга қўймаймиз”, деди. “Повестка йўқ, мен бормайман” деганман. Кейин ўзлари келишди. Асосий сўраган нарса сайлов куни бюллетенга ёзганим экан”, дейди Хотамов.

Сўроқ қилувчилар фаолдан президентлик сайлови пайтида бюллетенга “сайловингга ҳам, номзодларингга ҳам танзерсум”, деб ёзгани ҳақида тушунтириш сўрашган.

"Сайлов бюллетенига “сайловингга ҳам, номзодларингга ҳам танзерсум”, деб ёзиб, сайлов қутисига ташлаганман-да. Булар шуни ахтариб топиб, сен ёздингми, деб келишяпти. Сайловда овоз бериш аноним бўлса, сайлов қутиси печатланса, булар қандай аниқлашибди, ҳайронман. “Ҳа, мен ёздим, мени шахсий фикрим бу, дедим. “Танзерcум” ҳақорат сўз эмас, тиббиётда ишлатиладиган лотинча сўз, “менга фарқи йўқ”, деган маънони беради (Озодлик бу сўзнинг луғавий маъноси ва изоҳини топа олмади - таҳр.) Булар “қўйиб қўйдим” маъносида тушунишаётган бўлишса керак-да”, - дейди Жавоҳир Хотамов.

Қизилтепа тумани касалхонасида шифокор бўлиб ишлайдиган Жавоҳир Хотамов Навоий вилоятида янги партияга тарафдор тўплаш ва имзо йиғиш билан шуғулланган.

У айнан ана шу фаолияти учун ўзига нисбатан босим ўтказилаётганини иддао қилади.

“Имзо тўплаш жараёнидан тортиб то бугунгача босимлар тўхтамаяпти. Мен Facebook саҳифамда ҳам сайлов бўйича ўз фикримни очиқ айтиб чиққанман. Булар ишхонамга арз қилиб, шу ёзганларимни олиб ташлашга мажбур қилишди. Ишхонамда ҳаммани олдида сазойи қилишгача боришди”, - дейди Хотамов.

Навоийлик фаол партияга имзо йиққани учун ишхонасидаги мажлисда раҳбаридан танбеҳ эшитгани ёзиб олинган аудиони ҳам тақдим қилди.

Хотамовнинг айтишича, воқеа май ойида Навоий вилояти Қизилтепа тумани Тиббиёт бирлашмасидаги мажлисда бўлган.

Бош врач Хотамовдан партияга имзо тўплашни бас қилишни талаб қилади.

“Мен ҳаммасидан хабарим бор, Интернетда ҳаммасини кўриб турамиз. Имзо тўплаяпти экан бу. Сизлар ўқимишли одамсизлар, бу нарсалар керак эмас бизларга”, - дейди мажлисни олиб бораётган шахс.

Сиёсий фаоллар президент сайлови арафасида кучайтирилган кузатув ва босимлар сайлов ўтиши билан юмшагани, аммо сиёсий фаол ва ҳукуматнинг танқидчиларига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар ҳануз давом этаётганини айтишмоқда.

Ғарблик кузатувчилар Шавкат Мирзиёев 80, 1 фоиз овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланган 24 октябрь кунги президент сайловида ҳақиқий сиёсий рақобат бўлмаганини айтишган.

64 ёшли амалдаги президентга билан беллашган парламентдаги ҳукуматпараст тўрт партия номзодларининг биронтаси уни танқид қилмаган.

Президент сайловини кузатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳайъати ўзининг дастлабки хулосаларида мухолиф партияларнинг рўйхатдан ўтиш ва сайловда қатнашиш уринишлари муваффақиятсизликка учраганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG