Ссылки доступа

Журналистни "ёш қизча" деган Ўзбекистоннинг бош солиқчиси Шерзод Қудбиев ким?


Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев матбуот анжуманида. 17 январь, Тошкент.

17 январь куни солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлардан норози тадбиркорларни тинчлантириш мақсадида матбуот анжумани чақирган Ўзбекистоннинг бош солиқчиси Шерзод Қудбиев журналистлар билан боғлиқ янги можаро марказида қолди.

Унинг монополия ва солиқ имтиёзлари ҳақида савол берган Qalampir.uz нашри журналистига “сиз ҳали ёш қизчасиз” дея айтган сўзлари тармоқларда “агрессивлик” ҳамда “сексизм” кўриниши сифатида талқин қилинди.

Қудбиев “журналистнинг халқ номидан гапиришга ҳаққи йўқ”лиги ҳақида писанда қилиши ортидан маҳаллий ОАВ мансублари томонидан “жавобдан қочиш”да ҳам айбланди.

17 январь куни журналистларни матбуот анжуманига чақирган Солиқ қўмитаси раиси уларга солиқ маъмурчилигидаги сўнгги ўзгаришларнинг моҳиятини тушунтириши кутилганди.

Янги йилнинг 1 январидан кучга кирган ўзгаришлар, хусусан, мулк солиқларининг оширилиши тадбиркорлар ва аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган.

Қудбиев ўзгаришлардан мақсад кўпроқ солиқ ундириш эмас, балки тўғри солиқ тўлашни йўлга қўйиш эканини айтган.

Матбуот анжумани арафасида тармоқларда Солиқ қўмитаси раҳбари анжуманга мутахассис ва тадбиркорлар вакилларини эмас, фақат журналистларни чақиргани, шу йўсин қийин саволлардан осонгимаҳаллий на қутулиб қолмоқчи бўлаётгани ҳақида эътирозлар янгради.

Аммо матбуот анжуманини кузатган маҳаллий журналистлардан бирига кўра, Қудбиев “осон қутулди” деб айтиш қийин.

Шерзод Қудбиев уч йил аввал ҳам Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири экан, Фарғонада “саҳналаштирилган сайёр қабул” можароси ортидан матбуот назарига тушган эди.

2019 йил июнида Қудбиевнинг Фарғона вилоятида ўтказган сайёр қабули саҳналаштирилгани, аслида вазир водийга қариндошлариникига тўй баҳона келгани иддао қилинганди.

Маҳаллий блогерлар вилоятда ишсизлик мавзусига бағишланган қабул ортидан асли иш жойи тайин бўлган аёлларнинг ҳам ишга жойлаштирилгани ҳисоботга киритилганини ёзишган.

Ўшанда Шерзод Кудбиевнинг Риштондаги чойхонада ўринбосари билан зиёфати акс этган видеоси ҳам тарқалган.

Можародан бир ой ўтиб, Қудбиев президентнинг давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига кўтарилди.

17 январь куни матбуот брифинги ўтказиб, очиқмиз, деган шоу қилмоқчи бўлди, эплолмади. Ҳозир журналистлар анча пишиқ экан, худога шукур. Қудбиев саволларни биронтасига жавоб бермади. Алдашга ўтди.

Бундан олдин даромад солиғидан озод этилган корхоналар рўйхати очиқ базаларда чиқиб кетган эди. Тошкент ҳокими, Темир йўлларга тегишли корхоналарга солиқ имтиёзлари берилгани ўша очиқ даннийлардан кўриниб қолди. Уларнинг шохи борми, журналистлар уни саволга тутди. Жавоб беролмай аравани олиб қочди. Шарманда бўлди”, - дейди собиқ мулозим.

Маҳаллий журналист ва блогерлар орасида Шерзод Қудбиев Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Мирзиёевага қариндошлиги ҳақида гап-сўзлар юради.

Қудбиевнинг ўзи аввалроқ Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида биринчи оилага қариндошлигини рад этган эди.

41 ёшли Шерзод Қудбиев 2020 йил май ойида Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланган эди.

ДСҚ раҳбарлигига келишидан аввал у Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири бўлган, ундан олдин Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими сифатида ишлаган.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан Давлат солиқ қўмитасига куч ишлатар тизимлар вакиллари раҳбарлик қилиб келган.

Қудбиев Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раислигини жорий соғлиқни сақлаш вазири Баҳзод Мусаевдан мерос қилиб олди.

Унгача Солиқ қўмитасини 14 йил давомида Ислом Каримов даврининг қудратли генераллардан Ботир Парпиев бошқарган эди.

XS
SM
MD
LG