Ссылки доступа

“Уруш режаларимизни барбод қилди". Ўзбек тадбиркори Украина билан бизнеси ҳақида 


Тошкентлик 45 ёшли тадбиркор Тоҳир Собиров беш йилдан буён Украинадан Ўзбекистонга иситиш радиаторларини импорт қилиш билан шуғулланиб келади.

Аммо Россиянинг Украинадаги уруши боис Bogen Alpha ширкати раҳбари Собировнинг бизнеси касодга юз тутган.

Оқибатда ўнга яқин доимий ва мавсумий ходимлари ишсиз қолган. Давлат ғазнасига ойига минглаб долларлик солиқ оқими тўхтаган.

Ўзининг айтишича, у билан ҳамкорлик қилган Харьковдаги иситиш радиаторлари ишлаб чиқарувчи корхона Россиянинг ракета ҳужумидан вайрон бўлган.

“Харьков вилоятининг Чугуев шаҳрида пўлат радиаторлар ишлаб чиқарадиган UTerm заводи бор. Завод Россиянинг град ракеталаридан ўққа тутилган. Заводга қанчалик зиён етганини билмайман. Мен билан ишлайдиган йигитлар уруш бошланганини илк кунлари поставкани вақтинча тўхтатиб турамиз, деб хат жўнатишганди. Ҳозир улар умуман алоқага чиқишмаяпти, уларга ҳам боғланиб бўлмаяпти”, - дейди тадбиркор.

Тоҳир Собиров Украинадаги уруш узоққа чўзиладиган бўлса, бизнесини буткул ёпишга ёки бошқа давлатлардан ҳамкор излашга мажбур бўлишини айтади.

“Афсуски, уруш бизнес планимизни барбод қилди. Яхшиямки, бу иситиш мавсумига тўғри келмади. Шунинг учун форс-мажор вазият бўлмади. Менинг уларда, уларнинг эса менда пули қолиб кетмади. Бир нарсани биламанки, менинг муаммом украиналикларнинг кўргуликлари, улар ҳозир бошдан кечираётган фожиа олдида ҳеч нарса эмас. Улар ўз озодлиги, ўз ватани учун курашади, деб ишонаман”, - дейди Тоҳир Собиров.

Ўзбек тадбиркори Украинадан Ўзбекистонга йилига ўнлаб фурада иситиш радиаторларини импорт қилганини эслайди.

Тоҳир Собиров Россия ва Туркиядан таклифлар бўлаётгани, лекин Украинада вазият яхшиланишини кутишдан бошқа чораси йўқлигини айтади.

Бошқа тадбиркорлар ҳам Украина компаниялари тақдим этиб келган маҳсулотларнинг Ўзбекистонга келиши уруш сабаб тўхтаб қолганини айтишган.

Айрим украин компаниялари эса, ҳарбий ҳаракатларга қарамасдан ўз хизматларини онлайн режимда тақдим этишда давом этишмоқда.

Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон ва Украина орасида ўзаро товар айланмаси икки баравар ошганини айтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Украина 2021 йилда товар айирбошлаш бўйича барча ҳамкорлар орасида 50-ўринни, МДҲ давлатлари орасида эса 7-ўринни эгаллаган.

Ўтган йили Ўзбекистондан Украинага экспорт ҳажми 231, 6 миллион доллар, Украинадан импорт эса 472, 4 миллион долларни ташкил этган.

Украина Ўзбекистонга дори воситалари, ярим тайёр металл буюмлари ва бошқа маҳсулотларни экспорт қиладиган дунёдаги тўққизинчи йирик савдо ҳамкор ҳисобланади.

2021 йилда Ўзбекистон корхоналари томонидан Украинага асосан мева-сабзавот маҳсулотлари – 31, 2 минг тонна (15, 2 миллион доллар), тўқимачилик маҳсулотлари – 51, 6 миллион доллар, азотли ўғитлар – 70 миллион килограмм (49, 2 миллион доллар), калийли ўғитлар – 41, 8 миллион килограмм (11, 6 миллион доллар) экспорт қилинган.

Ўз навбатида, Украина корхоналари Ўзбекистонга ўнлаб миллион долларлик дори-дармон, озиқ-овқат ва темир маҳсулотлари етказиб берган.

Украинанинг “Фармак” фармацевтика ширкати 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фармацевтика бозорида 2.3 фоизлик улуш билан бешинчи ўринни эгаллаган.

Украинанинг яна бир фармацевтика компанияси “Лекхим” 2023 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва лойиҳанинг биринчи босқичида 40 миллион долларгача сармоя киритишни режалаштирган эди.

Украинадаги уруш сабаб Ўзбекистонга дори-дармон ва саноат маҳсулотлари етказиб бериш ва лойиҳаларни амалга ошириш тўхтатилиши, икки давлат орасидаги савдо ҳажмини 2023 йилга қадар 1 миллиард долларга етказиш режаси эса узоқроқ муддатга кечикиши мумкин.

XS
SM
MD
LG