Ссылки доступа

Қозоғистон парламенти президентлик муддатини чеклашга оид таклифни маъқуллади


Қозоғистон парламенти биратўла икки ўқишда Конституцияга киритилган ўзгартишларни қабул қилди.

Депутатлар президентлик муддатини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 7 йил қилиб белгилашга оид қонун лойиҳасини маъқуллашди ва пойтахт Нур-Султон шаҳрига Астана номини қайтариш таклифини ёқлашди. Tengrinews нашри хабарига кўра, қонун лойиҳаси имзолаш учун президент Қасим-Жомарт Тоқаевга йўлланган.

Мамлакат конституциясининг бешта моддасига ўзгартишлар киритишга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун парламентнинг ҳар икки палатасига адлия вазири Канат Мусин томонидан киритилган. Унда президентлик муддатини етти йилга узайтириш ҳамда пойтахт номини алмаштиришдан ташқари Конституциявий суд судьялари ваколатларини 8 йилгача узайтириш кўзда тутилган.

Президентлик муддатини етти йил қилиб белгилаш ва уни қайта сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид таклиф аввалроқ Қозоғистоннинг амалдаги президенти Тоқаев томонидан илгари сурилган эди.

Қозоғистонда навбатдан ташқари президент сайлови шу йил кузида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам номзод сифатида иштирок этишини билдирган.

XS
SM
MD
LG