Ссылки доступа

Фермерлар: “30 долзарб кун” муаммони ҳал қилмайди”


Озодликка келаётган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, бир қанча фермерлар пахтасига сув етказиб беролмагани боис, ғўзалар ривожланишдан тўхтаган ва бор кўсаклар очилиб кетмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказгани хабар қилинди.

Президент сайти ва бошқа расмий каналларда бу йиғилиш ҳақида батафсил ахборот берилмади.

Йиғилишдан хабари бор Озодлик манбасининг айтишича, Ўбекистонда анамомал иссиқ ҳаво кузатилгани боис президент ҳоким ва кластерларни пахта ҳосилдорлигини бой бермасликка ва фермерларга барча шароитларни яртаиб беришга чақирган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг пахтачиликдаги қандай долзарб вазифаларни муҳокама қилгани жамоатчилик эътиборига етказилмади.

Бу йиғилиш бошлангани ҳақида президент матбуот котиби хабар бердию, лекин унда қайси масалалар муҳокама қилингани айтилмади.

Фермер Телеграм каналининг ёзишича, президент ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилган.

Собиқ иттифоқ даврида пахтачиликда бундай “долзарб ўн кунлик, ўттиз кунлик”лар эълон қилинишини эсга олар экан, исми сир қолишини сўраган фермер бу ҳолатни коммунистча бошқарувнинг давоми, деди:

“Ёшлигимизда компартиянинг мана шунақа долзарб кунлар эълон қилгани эсимга тушди. Гўёки бу билан пахта ҳосилдорлиги ошиб қолаётгандек. Бунақа масхарабозлик нимага керак. Деҳқон учун ҳар бир кун долзарб! Бугун пахтачиликдаги асосий муаммо фермернинг ҳали ҳам мустақил эмаслигида. Фермерга 49 йилга ерни ижарага бердингми, унинг ўзига қўйиб қўйиш керак, у нима экиш кераклигини, қайси экин фойдали бўлишини, қайси экин кам сув талаб қилишини ўзи жуда яхши билади. Фермерга кластер деган хўжайин керак эмас. Кластер ўртадаги текинхўр ташкилот. У давлат берадиган жамғарма пулини олиш имтиёзига эга. 2020 йил 6 мартдаги қарор билан бу имтиёз фермерларга ва кооперацияларга берилган эди. Ўтган йил чиққан иккинчи сонли қарорнинг иловасида эса ўша жойи олиб ташланди. Сизнинг давлат захирасидан ерингиз бору, уни молиялаштиришга пулингиз йўқ. Сиз қачонки кластер билан шартнома қилсангиз, ўшанда ололасиз, холос. Кластер ўртакаш, фермерга эса ўртакаш керак эмас”.

Фермернинг айтишича, фермерлик фаолиятида қатнашаётган томонларнинг ҳаммага тенг ва холис хизмат кўрсатмаётгани сабабли, сув, ёнилғи ва минерал ўғит таъминотидаги муаммолар ҳам ҳал бўлмаяпти:

“Ўтган йиллар давомида кузатган бўлсангиз, кластерлар фермерларга ёнилғи ва минерал ўғитни биржа нархидан анча қимматга сотишди. Фермер уни олишга мажбур, чунки ўзи сотиб олай деса қўлида пули йўқ. Ҳаммаси кластерга боғланган. Сув таъминоти ҳам адолатсиз, кучли ва ҳокимларга яқин бўлган фермерлар сувни муаммосиз олади, ери узоқроқ жойлашган ёки “танка”си йўқ фермерлар эса улардан ортиб қолса олади. Шунга ўхшаган адолатсизликлар тиқилиб ётибди”.

Қашқадарё вилоят, Чироқчи туманидан Озодликка юборилган видеода, бир гуруҳ фермер пахталари бир ярим ойдан буён сувсиз қолгани ҳақида гапиради:

“Мана, Чироқчи ҳудудддан Кавич каналининг фермерларимиз. Пахта биринчи сувнинг ичганига 45 кун бўлди. Иккинчи сувга етолмай, пахта шона ташлаб ҳар бир ғўзада учта учта кўсак қолиб у ҳам очилиб бўлган”.

Бошқа бир фермер эса пахтанинг сув ичмаганига 47 кун бўлганини айтади: Пахта ёниб кетди, бу туришда кредитни ҳам ёполмаймиз”.

Жиззах вилоят, Зафаробод тумани фермерларининг Телеграмдаги Фермер каналига қўйган видеосида сувнинг адолатсиз тақсимлангани баён этилган:

“Мана “Пахтакор”(Пахтакор тумани фермерлари – таҳририят) нима қилиб кетган. Бузиб кетган, мана қайтадан созлаяпмиз. Пахталар ўляпти”.

Хоразм вилоят, Қўшкўпир туманидан бўлган фермер Телеграм каналида сувсиз қақраб ётган пахтазорини кўрсатар экан, айни пайтда шоли экилган майдонларни тасвирга олади.

Фермернинг иддаосича, пахтага сув йўғу, лекин шолига бор.

Озодлик 29 июл куни фермерга қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган фермернинг онасини айтишича, ўғли ёшлик қилиб бу видеоларни тармоққа қўйган ва айни пайтда эса унинг пахтасига сув берилган.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда кластер тизими жорий этилганидан сўнг 350 га яқин йирик фабрика ишга туширилган. Беш йил аввал мамлакатда етиштирилган пахта толасининг 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 100 фоизга етган.

Аммо фермерлар пахта харид нархининг пастлиги, ёнилғи ва минерал ўғитларнинг нрахи эса баланд эканлиги ҳақида мунтазам шикоят қилиб келадилар.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири, Шавкат Мирзиёев 27 июл куни бўлиб ўтган мажлисда бу йил бир килограмм пахтанинг харид нархи ўн минг сўм бўлиши ҳақида гапирганини айтади.

Аммо расмий манбаларда бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG