Ссылки доступа

Пахта ҳали далада. Аммо харид нархи норозилик келтирмоқда


Ўзбекистонлик фермерлар пахта харид нрахининг пастлигидан шикоят қилади.
Ўзбекистонлик фермерлар пахта харид нрахининг пастлигидан шикоят қилади.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир килограмм пахта хом-ашёсининг минимал нархини 10025 сўм этиб белгилади. Бироқ кластерлар жаҳон бозорида пахта нархининг тушиб кетгани боис бунга норозилик билдириб, вазирликдан нархни туширишни талаб қилмоқда.

Айни пайтда, фермерлар ҳам бу нархнинг пахтага кетадиган харажатни қопламаслигини, ёнилғи, минерал ўғит ва техника хизмати нархи кескин ошганлиги сабабли минимал нархни 15 минг сўм қилиб белгилашни сўрамоқда.

Бундан аввал “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси 2022 йилда бир килограмм ўрта толали пахта харид нархини 7500 сўм қилиб белгилаш ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тавсия киритган эди.

Фермерларнинг айтишларича, пахта харид нархи уни етиштиришга кетадиган харажат ҳисоб-китоб қилинганидан кейин белгиланиши лозим.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йил ҳосили бўйича 1 килограмм ўрта толали пахтанинг харид нархини 10025 сўм этиб белгилади.

Ўтган йили пахтанинг ўртача харид нархи 7100 сўм бўлган.

Фермерлар эса кластерлар томонидан тақдим этиладиган ёнилғи, минерал ўғит ва техника хизмати нархи кескин ошганлиги сабабли минимал нархни 15 минг сўм қилиб белгилашни талаб қилмоқдалар.

Исми сир қолишини сўраган қорақалпоғистонлик фермернинг айтишича, ўтган йили кластерлар фермер ҳисобидан икки ҳисса даромад кўрган:

“Аслида бир килосига 7500 сўм берилсин деб “Ўзтўқимачиликсаноат” номидан кластерлар айтяпти. Ўтган йили биз 7000 сўмдан пахтани сотган пайтимизда кластер бир тонна толани 35-36 миллион сўмдан сотди. Агар уч тонна пахтадан бир тонна тола чиқишини ҳисобга олсак, уч тонна пахта 21 миллион сўм бўлади. Энди 3 тоннадан яна 1740 килограмм чигит, линк, люк, пух деганлари чиқади. Чигитнинг килоси 6-7 минг сўм. Буни ўзини ҳам 12 миллионга сотдилар. Бизлардан 21 миллионга сотиб олган уч тонна пахта хом ашёсидан булар ўтган йили 47-48 миллион сўм пул қилдилар. Бу дегани бизнинг ҳисобимиздан икки баравар фойда кўрган”.

Фермернинг айтишича, бу йил жаҳон бозорида нархи пастлаган пахтадан ҳам кластер катта фойда кўради:

“Ҳозир Нью-Йорк биржасида ,бир тонна пахта толасининг нархи 2250 доллар атрофида. Шу баҳо билан ҳам ҳозир уч тонна пахтадан 13-14 миллион сўм фойда қолади. Бу чигит ва бошқа маҳсулотларни ҳисобга олмай, хом ашёнинг ўзини биржада сотганида. Лекин шунда ҳам булар биздан пахтани ярим баҳосига олмоқчи. Бунда фермерлар касод бўлади. Менимча давлатимизнинг сиёсати ҳам фермерни касод қилиш ,шекилли...”.

Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, пахтанинг харид нархини унга кетган харажатга қараб фермерлар ва Кенгаш томонидан белгиланиши керак. Фермернинг айтишича, пахта етиштириш таннархи ошса ҳам, унинг харид нархи ўшанга қараб ошмайди.

Хоразмлик фермер Неъмат Ишчановнинг айтишича, кластерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўрсатган минимал пахта нархидан ортиқ фермерга пул тўламайди:

“Вазирлик минимал нарх кўрсатяпти. Кластерлар ана шу минимал нархни ушлаб олган. Демак уни максимал нархи қаерда деган савол пайдо бўлади. Максималнийси президентнинг давлат пахта харид нархини белгиламайди деган қароридан келиб чиқади. Демак максимал нархни Нью Йорк ёки Ливерпулдаги биржа нархидан олиш керак. Ўтган йил биз пахта топширган пайтда бир кило пахтанинг харид нархи 14,5 минг сўм бўлган. Биз шуни ҳисоблаб чиқарганмиз, булар эса 7 мингдан олди”.

Ишчановнинг айтишича, фьючерс шартномада нарх кўрсатилиши шарт, аммо фермерларнинг бесаводлиги ва ўз ҳаққини талаб қилолмагани боис, аксарият фермер шартномага фақат имзо ва муҳр қўйиб берган.

Ўзбекистонлик фермерларнинг Телеграм каналида сўралган фермерларнинг 21 фоизи нархсиз шартнома қилганини тасдиқлаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 6 мартда чиқарган қарорида 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилиниши, пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилиши айтилган эди.

Ўзбекистонда пахта ва буғдой харид нархини ҳар йили Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаб беради.

Мамлакатда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳотлар ижобий самара бермаганини фермерлар кўп таъкидлайди.

Уч йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизими ташкил этилганига қарамай, ҳали ҳам маҳаллий ҳокимият икки мустақил субъектнинг ишларига аралашишдан тўхтагани йўқ.

XS
SM
MD
LG