Ссылки доступа

Россияда президент сайловида овоз бериш жараёнининг учинчи кунида камида 80 киши ушланди


Сайловнинг учинчи куни “Путинга қарши чошгоҳ” акцияси ўтказилиши эълон қилинган эди.

Россияда президент сайловида овоз бериш жараёнининг якуний, учинчи кунида камида 80 киши ушланди. Бу ҳақда ОВД-Инфо нашри хабар бермоқда.

Петербургда камида 6 нафар фуқаро, Қозонда 20 нафар фуқаро, Москвада 19 нафар фуқаро ушланганлиги ҳақида хабарлар келмоқда. Россиянинг Волгоград, Уфа, Челябинск ва кўпгина бошқа шаҳарларида ҳам сайлов участкаларида содир этилган "майда безорилик" ёки "полиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик" важи билан кўпгина фуқаро маҳаллий ички ишлар бўлинмасига олиб кетилган.

Аксар ушланган фуқароларга нисбатан протокол тузилган, баъзилари бир-икки соатдан кейин шундоқ қўйиб юборилган. Умуман олганда, овоз бериш кунлари сайлов участкаларини ёқиб юборишга, варақаларни зелёнка ва бошқа бўёқли моддалар сепиб яроқсиз ҳолатга келтиришга уринишлар бўлди. “Cайлов комиссиялари фаолиятига халал бериш”га доир 15 та жиноят иши очилган.

Украина ҳудудида Россия расмийлари назорати остида бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари ўзларининг овоз беришга мажбурланаётганлари ҳақида маълум қилишган.

Россияни 2000 йилдан буён бошқариб келаётган Владимир Путин бешинчи муддатга президентликка номзодини қўйган. Сайловда амалдаги президентдан ташқари яна уч номзод – “Янги одамлар” (“Новие люди”) партиясидан Давлат думасига сайланган Владислав Даванков, Россия Компартиясидан (КПРФ) депутат Николай Харитонов ва Россия либерал-демократик партиясидан (ЛДПР) депутат Леонид Слуцкий иштирок этмоқда.

Сайловнинг учинчи куни “Путинга қарши чошгоҳ” акцияси ўтказилиши эълон қилинган эди. Мухолифат Путин сиёсатидан норози сайловчиларни сайлов участкаларига соат 12 да келишга чақирди.

Шу тариқа улар ўз ҳаммаслаклари билан учрашиб, ёлғиз эмасликларини кўришлари мумкин.

Акция ғояси “Яблоко” партиясидан чиққан петербурглик собиқ депутат Максим Резникка тегишли. Уни кўплаб мухолиф сиёсатчилар, жумладан ўлимидан олдин Алексей Навалний ҳам қўллаб-қувватлаган эди.

14 мартда Москва прокуратураси мурожаат билан чиқиб, сайловга 17 март куни айни чошгоҳ вақти келишга чақириқларни “фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқидан эркин фойдаланишига ҳамда сайлов комиссиялари фаолиятига халал бериш” деб атади ва акция иштирокчиларига нисбатан жиноят ишлари очилиши ҳақида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG