Ссылки доступа

Намойишчилар Беларуснинг Еревандаги элчихонасини тухум бўрон қилдилар


Намойишга Александр Лукашенконинг Арманистон ҳақидаги беписанд сўзлари сабаб бўлган.

Беларуснинг Еревандаги элчихонаси олдида норозилик намойиши бўлиб ўтди. Намойишчилар Беларус элчисини мамлакатдан чиқариб юборишни ва Минск билан дипломатик алоқаларни узишни талаб қилишди. Улар элчихона биносига тухум, помидор ва картошка отган.

Намойишга Александр Лукашенконинг Арманистон ҳақидаги беписанд сўзлари сабаб бўлган. У 20 август куни "Россия" давлат телеканалига берган интервьюсида шундай деган: "Биздан бошқа арманлар кимга керак? Улар ҳеч кимга керак эмас. Ўз иқтисодиётларини ривожлантирсинлар ва ўзларида бор нарсаларга эътибор қаратсинлар. Қанақа Франция, қанақа Макрон? Эртага Макрон бўлмайди ва Арманистонни ҳамма унутади".

Намойишни "Республика учун" партияси уюштирган. Улар Беларус билан дипломатик муносабатларни узишни талаб қилмоқда. Бу талабни, шунингдек "Республика" партияси ва Европа партияси ҳамда "Европа ҳуқуқи", "Озод фуқаро" ва "Аспарез" клуби каби ташкилотлар ҳам қўллаб-қувватлаган.

Александр Лукашенко Арманистон томонини камситадиган фикрларни илгари ҳам билдирган. Февраль ойида у Арманистоннинг КХШТдаги иштироки тўхтатиб қўйилганига изоҳ бериб: "КХШТ Арманистонсиз ҳам яшайверади", деган эди. Май ойида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашувда эса Тоғли Қорабоғдаги можарони Озарбайжоннинг "озодлик уруши" деб атаган. Шундан сўнг Ереван Минскдан ўз элчисини маслаҳатлашиш учун чақириб олди, Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса Лукашенко раҳбарлик қилаётган пайтда на у, на бошқа арман амалдорлари Беларусга бормаслигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG