Ссылки доступа

Туркияда йўқолган тожик мухолифатчиси Душанбеда бўлиши мумкин  

Сухроб Зафар
Сухроб Зафар

Халқаро ҳуқуқбонларга кўра, Суҳроб Зафар Душанбедаги тергов изоляторларидан бирида сақланмоқда ва мунтаззам  қийноқларга солинмоқда. 

Туркияда бедарак йўқолган “Гуруҳ 24” мухолифат ҳаракатининг етакчиси Суҳроб Зафар Тожикистонда ҳибсда бўлиши мумкин.

Human Rights Watch, Норвегия Хельсинки қўмитаси (Norwegian Helsinki Committee) ва Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳамкорлиги (International Partnership for Human Rights) ташкилотлари 3 май куни тарқатган баёнотида айтилишича, Суҳроб Зафар Душанбедаги тергов изоляторларидан бирида сақланмоқда ва мунтаззам қийноқларга солинмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистон ҳукуматидан Суҳроб Зафар ҳақида маълумот беришни сўрамоқда.

"Бизга келаётган маълумотларга кўра, Суҳроб Зафар изоляторда даҳшатли қийноқларга солинмоқда ва ҳатто юриш қобилиятини йўқотган. У зудлик билан озод этилиши лозим", дейди HRW Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Сийнат Султаналиева.

Туркияда яшаб келаётган Суҳроб Зафар 10 март кунидан бери қидирилмоқда. Унинг телефони ўчирилган. Унинг қаердалиги ҳамон номаълум. На Тожикистон ҳукумати, на Туркия ҳукумати бу борада бирор изоҳ бермаган. Аввалроқ, февраль ойида Туркияда ҳаракатнинг яна бир фаоли, 39 ёшли Насимжон Шарифов бедарак йўқолган эди.

"Гуруҳ 24" ҳаракатининг фаоллари Сухроб Зафар ва Насимжон Шарифовлар Туркияда Тожикистон сўрови билан ҳибсга олинганлигини ва аллақачон Душанбега экстрадиция қилинганини гумон қилмоқда.

Туркия авваллари Марказий Осиёдан қочиб келган мухолифат вакиллари учун хавфсиз жойга айланган эди, бироқ оҳирги пайтлар Туркия ҳам кўплаб фаолларни экстрадиция қилмоқда, деб таъкидлайди трансмиллий таъқиб бўйича ҳисоботнинг ҳаммуаллифи Стив Свердлов. Унинг айтишича, Суҳроб Зафар кўплаб ўлдирилиши ёки Тожикистонга экстрадиция қилииниши ҳақида таҳдидлар олган.

Суҳроб Зафар 2014 йилда Туркияга кўчиб келган. Туркияда у кўп марта Тожикистон талаби билан ҳибсга олинган, лекин ҳар сафар қўйиб юборилган.

«Гуруҳ 24» ҳаракати мухолифатчи тадбиркор Умарали Қувватов томонидан ташкил этилган. Тадбиркорнинг ўзи 2015 йилда Истанбулда ўлдирилган. Ҳаракат Тожикистонда суд томонидан 2014 йилда «экстремистик» деб эълон қилинган. Ўнлаб одамлар ушбу ташкилотга аъзоликда айбланиб, қамалган.

XS
SM
MD
LG