Ссылки доступа

Украина Олий суди раҳбари 2,7 миллион доллар пора олаётганда ушланди


Всеволод Князев, Украина Олий суди раиси

Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мамлакат Олий суди раҳбарияти иштирок этган коррупцион схемани фош қилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (САП) хабар бермоқда.

“САП ва НАБУ (Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси) Олий суддаги йирик коррупцияни, яъни Олий суд раҳбарияти ва судьялари томонидан номақбул нафақа олиш схемасини фош қилди”, — дейилади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар баёнотида.

Уларнинг қайд этишича, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тафсилотлар кейинроқ эълон қилинади. Айни пайтда Украина Олий суди раиси Всеволод Князев пора олаётган пайтда қўлга олинди.

Маълумотларга кўра, гап 2,7 миллион доллар ҳақида кетмоқда. Шу тариқа Князев Украинада пора олаётганда ушланган энг юқори лавозимли амалдорга айланди.

Ўз навбатида, Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси ҳисоботида айтилишича, Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура билан биргаликда “Олий суддаги йирик коррупция” фош этилган, ҳозирча тафсилотлар келтирилмаган.

Март ойида Украина Олий аксилкоррупция суди Днепр шаҳри Кировский туман суди собиқ судьясига чиқарилган ҳукмни эълон қилди. У товламачилик ва 30 минг доллар пора олишда айбдор деб топилди. Судья 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бундан бир неча кун олдин, 28 февраль куни Бош прокуратура ҳудудий мудофаанинг кадрлар бўлими ходими миллион доллар пора билан қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG