Ссылки доступа

Бангладеш бош вазири истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди


Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина
Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина

Бангладеш армияси қўмондони Вокер-уз-Замон сиёсий партиялар лидерлари ва нуфузли ўқитувчилар билан учрашган, шундан сўнг миллатга мурожаат билан чиққан.

Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина мамлакатда давом этаётган норозилик чиқишлари манзарасида истеъфога чиқиб, мамлакатни тарк этган. Бу ҳақда Prothom Alo газетаси хабар қилди.

Маълумотларга кўра, Ҳасина ҳарбий вертолётда синглиси билан Ҳиндистонга учиб кетган, шундан сўнг намойишчилар севинч ҳайқириқлари билан унинг қароргоҳига бостириб киришган. Ҳасина парвоз олдидан нутқ ёзиб кетишни истаган, бироқ бош вазирда бундай имконият бўлган эмас. Ҳасинанинг истеъфосини норозилар талаб қилаётган эди. Аввалроқ ОАВ ҳарбийлар унга истеъфо эълони учун 45 дақиқа беришгани ҳақида ёзиб чиқишган.

Бангладеш армияси қўмондони Вокер-уз-Замон сиёсий партиялар лидерлари ва нуфузли ўқитувчилар билан учрашган, шундан сўнг миллатга мурожаат билан чиққан.

У мамлакатда муваққат ҳукумат тузилиши ҳамда норозилик намойиши чоғидаги зўравонликда айбдор бўлганларнинг ҳаммаси жазоланажагини билдирган. Вокер-уз-Замон намойишчиларни тўхташга чақирган.

Айни пайтда мамлакат пойтахти Даккада минглаб одам шаҳар марказига юриш қилиб бормоқда. Улар орасида аёллар ҳам кўп.

Аввалроқ Даккада қайта авж олган норозилик чиқишлари чоғида бир куннинг ўзида камида 95 киши ҳалок бўлган эди. Улар орасида 18 нафар ҳукуматпараст фаол, 14 нафар полициячи, бир журналист борлиги маълум, қурбонлардан кўпчилигининг шахси ҳали аниқланган эмас. Намойишлар чоғида юзлаб одам яраланган.

Бангладешда намойиш бошланишига ёшлар орасида ишсизлик даражаси жуда юқори бўлганига қарамай, давлат хизматчиларини ишга олишда махсус квоталар тизими киритилгани сабаб бўлган. Норозилик чиқишларида июль ойи охирида 200 га яқин одам ҳалок бўлгани ортидан улар аксилҳукумат намойишларига айланиб кетган.

Норозиликларнинг янги тўлқини чоғида бош вазир истеъфосини талаб қилган намойишчилар ҳукумат бинолари, депутатлар уйлари ва полиция участкаларини вайрон қила бошлаган.

Шайх Ҳасина 15 йилдан бери ҳокимият тепасида бўлиб, шу йил январида у 4-марта бош вазирлик курсисини эгаллаган эди.

Норозилар ўз юртдошларини якшанба куни ишга чиқмаслик (Бангладешда якшанба иш куни бўлиб ҳисобланади), солиқ ва коммунал тўловларни тўламасликка чиқариб, ҳокимият билан “ҳамкорлик қилишдан бош тортиш” акциясини эълон қилишган.

Расмийлар тартибсизликларни тўхтатишга интилиб, Дакка ва бошқа жойларда комендантлик соати жорий қилган, 14 соатга мобил интернетни ўчириб қўйишган ва чоршанбагача дам олиш куни эълон қилишган.

Ҳукмрон партия норозилик чиқишлари ва зўравонлик эскалациясида мухолифатни айблаб, “норозилар истаган пайтда” музокараларга тайёр эканини билдирган. Норозилик чиқишлари авж олган бир ҳафта ичида Бангладешда 11 мингдан зиёд одам ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG