Ссылки доступа

Тошкент ИИББда "шафқатсиз қийноққа тутилган" россиялик тадбиркор 15 йилга қамалди

Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Поп туманининг Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган.
Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Поп туманининг Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди 7 февраль куни Россия Федерацияси фуқароси, наманганлик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Суд Дилшод Тўрахўжаевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси, тўртинчи қисми “а” банди билан (босқинчилик) айбдор деб топган.

Ўзининг ҳисобидан Поп тумани Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган Дилшод Тўрахўжаев 2023 йилнинг 12 апрелида Поп тумани ИИБ томонидан ҳибсга олинганди.

Тўрахўжаевнинг ўзи ва адвокати унинг Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторида қийноққа солинганини айтишган.

Тадбиркорнинг адвокати суд ҳукмидан норози эканини айтаркан, ҳукм устидан апелляция маҳкамасига мурожаат қилишини таъкидлади.

Бундан аввал адвокат Нурилла Тўлаганов Дилшод Тўрахўжаев тергов давомида шафқатсиз қийноқларга солингани ҳақида ижтимоий тармоқларда видео чиқишлар қилган эди.

Дилшод Тўрахўжаев тергов изоляторидан президент Шавкат Мирзиёевга чиқарган мурожаатида туҳмат билан қамоққа олингани ва Тошкент ИИББда қийноққа солинганини айтган эди:

“Оғзим ва бурнимни скотч билан маҳкам боғлаб, бошимга полиэтилен пакет кийдириб, оёғимнинг товон, сон қисмига, олд қисмига, кўкрак қафасимга, бошимга резинкали дубинка ва махсус пластик қўлқоплар билан юзларимга, ҳамма жойимга олти соат тинмай уришди. Бир неча марта ҳушимни йўқотдим, электрошокерни танамга теккизиб уйғотишар ва яна уришар эди”.

Дилшод Тўрахўжаевнинг ёзишича, ундан Наманган вилояти Поп туманида ўзи бунёд этган “Космос” дам олиш масканидан воз кечишни талаб қилишган:

“Президентинг ўлди, мен сенинг президентингман, мен сенинг адвокатингман, “Космос”ни ўтказиб берасан, бўлмаса сени “босқинчилик” эпизодига қўшиб камида 15 йилга қаматаман деб қўрқитиб, қандайдир ҳужжатга қўл қўйишимни сўради. Мен эса президентим ўлмаган, ҳамманг қонун олдида жавоб берасан деганимдан кейин, ходимлар мени бир ярим метрга кўтариб полга отишди”.

Тўрахўжаев Дилшод, 1984 йилда туғилган. Россия Федерацияси ватандоши, 20 йил мобайнида Россия Федерациясида яшаган.

2019 йилдан Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида "APART HOTEL COSMOS" МЧЖни ташкил этган.

Меҳмонхона ва дам олиш масканларидан иборат мажмуа 1500 кишига мўлжалланган.

Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йилдаги Наманганга ташрифида унинг назарига тушган. Президент Чодак қишлоғи чўққисида қурилган мажмуани олқишлаган эди.

XS
SM
MD
LG