Ссылки доступа

Президент сайлови ортидан сўз эркинлигига босим кучайди


Ўзбекистонда бир кунда камида уч нафар блогер “ҳукумат органларига туҳмат"  важи билан расмий идораларга  чақиртирилганини маълум қилди.

Маҳаллий блогерларга босим польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистонга киришига тақиқ қўйилиши билан бир вақтда кузатилмоқда.

Халқаро ташкилотлар ва медиа экспертларга кўра, Ўзбекистонда маҳаллий блогерларга босим ва хорижлик журналистнинг мамлакатдан бадарға қилиниши ўтган ҳафта иккинчи муддат президентлигини бошлаган Шавкат Мирзиёев “ислоҳотлар”ини савол остига қўяди.

Самарқандлик блогер Фарруҳ Самарқандий 9 ноябрь куни Фейсбук саҳифасида тармоқда ёзган шарҳи учун “бир жой”га чақиртирилгани ва ортидан ёзган шарҳини ўчирганини билдирди.

Шу куни ўзбекистонлик бошқа бир блогер Фарҳод Норбўтаев ҳам суҳбатга чақиртирилгани ҳақида пост қолдирди.

“Мени ҳам устимдан ариза ёзибди. Телеграм каналимга боғчадаги коррупция ҳақида ёзганим учун”, - деб ёзди Норбўтаев 9 ноябрь куни Фэйсбук саҳифасида.

Ёзган шарҳи учун сўроқ қилинган яна бир ўзбекистонлик блогер Ҳайрулла Мамасолиевдир.

Ўзбекистонда бир кунда камида уч нафар блогернинг тармоқларда ёзиб қолдирган шарҳи учун сўроққа чақиртирилиши блогерларга босим ва тармоқ фойдаланувчиларининг таъбирича “арқонларнинг тортилиши” сифатида талқин этилмоқда.

Блогерларнинг сўроққа чақиртирилиши ижтимоий тармоқларга чекловлар ва Интернетда президентни ҳақорат қилганлик учун жазонинг кучайтирилиши манзарасида кузатилмоқда.

Ўзбекистонда шу йил март ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мазкур меъёр Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларда белгилаб қўйилди.

Президент бу моддани амалга тадбиқ этувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни 30 март куни имзолаган эди.

Бундан ташқари, Кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.

Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан аввал Ўзбекистоннинг "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунида блогер оммавий ахборот воситасига тенглаштирилган ва тарқатган ахбороти учун қонун олдида жавоб бериши белгилаб қўйилганди.

Маҳаллий блогерларга босимнинг кучайиши польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистондан бадарға қилиниши манзарасида юз бермоқда. Журналист Ўзбекистонга кириши тақиқлангани ҳақида Twitter`саҳифасида хабар берди.

Пикулицка 9 ноябрь куни Ўзбекистонга киритилмагани ва бир кун ўтиб, ДХХ томонидан мамлакатдан чиқариб юборилишини ўзининг журналистик фаолияти билан боғлайди.

"Ўзгаришлар бўлиши мумкин деган умидда Ўзбекистонга келганимга уч йилдан ошди. Ҳозирги ҳукумат даврида ҳеч қандай тизимли ўзгаришлар бўлмайди, деган ишонч билан кетяпман", - деб ёзди польшалик журналист 8 ноябрь куни ўзининг Twitter саҳифасида.

The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка шу йил бошида аккредитацияга ариза топширганидан олти ой ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан рад жавоби олганини маълум қилганди.

Агнешка Пикулицканинг Ўзбекистондан чиқариб юборилиши ва мамлакат ичкарисида сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятнинг янада ёмонлашиши 3 ноябрь куни кузатилган ижтимоий тармоқларни тотал чеклаш уриниши ортидан юз бермоқда.

Ҳодисага эътибор қаратган The Washington Post нашри Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари тармоқларни блоклашда Россия ва Хитойдан ўрнак олаётгани ҳақида ёзди.

Нашрнинг ўзбекистонлик медиа эксперт Мадина Турсуновадан иқтибос келтиришича, «ҳокимиятнинг бу хатти-ҳаракатлари ҳукумат ва президентнинг Интернет ва ижтимоий тармоқлар блокланмаслиги ҳақидаги баёнотлари чин эканига шубҳа уйғотмоқда".

XS
SM
MD
LG