Ссылки доступа

Бепул нонушта: мактабларда овқатланиш президентликка номзодларнинг марказий мавзусига айланди


Келаси 2022 йилдан Қорақалпоғистонда 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилади.

Бу ҳақда сайловолди ташвиқоти давомида гапирган амалдаги президент Шавкат Мирзиёев бепул тушликлар Хоразм мактабларида ҳам жорий этилишини айтди. 24 октябрдаги сайловларда ЎзЛиДеП дан президентликка номзоди Шавкат Мирзиёев ҳозирча бошқа вилоятларга бундай ваъда берганича йўқ.

Мактабларда бепул нонушталар жорий этилиши тўғрисида ХДПнинг президентликка номзоди Мақсуда Ворисова ҳам ўз сайловчилари билан учрашувда гапирди.

20 сентябрдан Ўзбекистонда президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди.

Бир кун ўтиб, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига сафар қилди.

ЎзЛиДеП номзоди қорақалпоғистонликлар билан учрашув давомида жумладан мактабда болаларни овқатлантириш масаласини кўтариб, 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилишини айтди.

Номзод бу амалиётни ҳаётга татбиқ этиш учун бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилишини маълум қилди.

Буни назорат қилинглар, коррупция бўлмасин. Бошқа ҳеч бир ҳудудда бундай бўлмаган. Буни ўзим ўйлаб ёздим. Болажонларимнинг кўпининг онаси касал”, – деди Мирзиёев.

Шунингдек, президент келгуси беш йилда Қорақалпоғистонда мактабгача таълим билан қамров даражаси 71 фоиздан 87 фоизга етказилиши, бунинг учун янги 40 та давлат ва хусусий, 525 та оилавий боғчалар ташкил этилиши, 73 та давлат боғчаси реконструкция қилиниши ва яна 40 минг болага боғчага бориш имконияти яратилиши айтди.

Мирзиёев эълон қилган 5 йиллик Дастурга кўра, қўшни Хоразмни ривожлантиришга 30 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Урганчлик сайловчилар олдида қилган чиқишида ЎзЛиДеП вакили Хоразмда ҳам келгуси ўқув йилидан бошланғич 1-4 cинф ўқувчиларига бепул тушлик бериш жорий этилишини билдирди.

Айни дамда бошқа партия номзодлари ҳам болаларни мактабларда бепул овқат билан таъминлаш масаласини ўз сайловолди дастурига киритганини кўриш мумкин.

Хусусан, Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Мақсуда Ворисова 22 сентябрь куни сирдарёлик сайловчилар билан учрашувда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушталар ташкил этилишини таъкидлади. Ворисова хоним бепул нонуштадан ташқари, биринчи синфга ўқувчиларни олти ярим ёшдан қабул қилиш ҳамда мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортларидан фойдаланиш бепул асосда йўлга қўйилишини ваъда берди.

Ўзбекистонда 1991-94 йилларда марҳум президент Ислом Каримовнинг биринчи президентлик даврида мактабларда бешинчи синфгача ўқувчиларга бепул нонушта берилган, олийгоҳ талабалари ошхоналарида талонлар асосида овқатланиш тизими жорий қилинган эди.

Бироқ расман очиқланмаган сабабларга кўра кейинроқ бепул ва субсидияланган овқат бекор қилинди ва бу масала умуман кун тартибидан тушиб қолди.

Бундан икки йил олдин Ўзбекистон Халқ демократик партияси бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушта ташкил этиш ташаббусини кўтариб чиққан эди.

Бепул нонушта Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларидаги мактабларда ҳам жорий қилинадими, йўқми - ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра, 2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 10 181 та таълим муассасалари фаолият олиб борган.

Умумтаълим мактабларининг қарийб 6 288 таси қишлоқ жойларида, 3 893 таси эса шаҳарларда фаолият юритиб келади.

XS
SM
MD
LG