Ссылки доступа

Мирзиёев Конституция ислоҳотига “таҳликали ва мураккаб вазият” сабабчи бўлаётганини айтди


Президент Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда мамлакат бош қонунининг ўзгартирилишига “ҳозирги таҳликали замон ва мураккаб вазият” туртки бераётганини таъкидлади. Аммо президент бу билан айнан нималарни назарда тутаётганини изоҳламади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, учрашувда Шавкат Мирзиёев Конституцияни ўзгартириш юзасидан ташкил этилган комиссияга ўзбекистонликлардан “48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиқаётганини яққол намоён этаётгани”ни айтди.

“Нима учун айнан бугун конституциявий ислоҳотлар ўтказиш зарурати туғилмоқда?” деган саволни ўртага ташлаган президент сўзида давом этар экан бу саволга: “Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда”, деб жавоб берди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларни муҳокама қилиш жараёнида “айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сураётгани” ҳақида ҳам гапирди.

Бу каби таклифларга муносабат билдирар экан Мирзиёев ўлим жазоси тикланишига қарши эканини таъкидлади ва “Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан”,-деди.

Шунингдек, президент асосий қонунда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашни таклиф этди.

Мирзиёев ўз нутқи давомида Конституцияга киритилган ўзгартиришларни тасдиқлаш учун умумхалқ референдумини ўтказишни ҳам таклиф қилди:

"Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман".

Бундан ташқари Мирзиёев президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказиш, жумладан, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш таклифини ҳам киритди.

Шавкат Мирзиёев Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар ортидан унинг аввалги президентлик муддатлари ноллаштирилиши ва бу унга учинчи марта президентликка сайланиш имкониятини яратиши тўғрисида ижтимоий тармоқларда ҳамда халқаро матбуотда билдирилаётган фикрларга муносабат билдирмади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz нашрига берган интервьюсида мамлакат асосий қонунига ўзгартиришлар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг олдинги президентлик муддатларини "ноллаштириши"ни тасдиқлаган эди.

64 яшар Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент лавозимини эгаллагунича 13 йил мамлакат ҳукуматига раҳбарлик қилган.

Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Конституция куни муносабати билан "Ўзбекистон халқига табриги"да президент Мирзиёев мамлакат асосий қонунига ҳозирга қадар 7 марта ўзгартиришлар киритилганини айтди ва уларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан тушунтирди
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 16 марта ўзгартиришлар киритилган.

XS
SM
MD
LG