Ссылки доступа

Мўғулистонда кўмир ўғирланганидан норози бўлган намойишчилар ҳукумат истеъфосини талаб қилишмоқда


Мўғулистон ҳукумати саройидаги норозилик намойиши, 2022 йил 5 декабрь

Мўғулистонда норозилар Улан-Батордаги ҳукумат саройига ёриб киришга уриняпти. Улар кўмир билан боғлиқ коррупция ҳолатини тергов қилиш ва ҳукуматни истеъфога чиқаришни талаб қилишмоқда. Бу ҳақда Мўғулистон ҳукмрон партиясининг нашри бўлмиш “Монголин унэн” хабар қилди.

Улан-Батордаги намойишлар 12,9 миллиард долларлик кўмир ўғирланганига оид фактлар фош бўлиши ортидан 4 декабрь куни бошланган. Бу кўмир Хитойга етказиб бериш учун мўлжалланганди. Пойтахтдаги марказий майдонга табиий бойликлар ўғирланиши бўйича тергов ўтказилишини сўраб чиққан намойишчилар бу ишга алоқадор бўлган шахсларнинг исмини очиқлашни талаб қилишган.

Норозилардан бир қанчаси қўлларида миллий байроқлар ва “Халқдан ўмаришни бас қилинг”, “Менинг келажагим ҳақида ўйлаб, қорин қаппайтиришни тўхтатинг” каби плакатларни кўтариб олган эдилар. Улар бу гал “охиригача боришлари”ни айтишмоқда.

Мўғулистоннинг аҳоли сони бўйича учинчи ўринда турувчи Дархон шаҳрида якшанба куни одамлар “Ўғриларга қарши бирлашайлик” шиори остида юриш уюштиришган. Намойишчилар фикрича, уларнинг Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликлари тобора кўпроқ чекланяпти, турмушлари эса кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, мамлакат ҳукумати мазкур масалани уч марта муҳокама қилган ва “Эрдэнэс Тавантолгой” деб номланган давлат кўмир ширкатига нисбатан “махсус режим” жорий қилган.

“Кўмир ўғирланиши факти бўйича шартномалар, транспортировка ва темир йўл билан алоқадор ўнта жиноят иши очилган”, деган Мўғулистон иқтисодий тараққиёт вазири Хурэлбаатар Чимед. Вазирга кўра, бу ишлар бўйича кўмир ширкатларининг беш нафар собиқ директори гумонланмоқда.

Мўғулистон расмийлари норозилар билан мулоқот қилиш учун ишчи гуруҳ ҳам ташкил қилишган.

XS
SM
MD
LG