Ссылки доступа

Мигрантлар Oson ва PayWayдан пул жўната олмаяпти


Ўзбек меҳнат муҳожирлари Россиянинг Новгород шаҳрида ватанларига пул жўнатмоқда. 2022 йил, июнь.
Ўзбек меҳнат муҳожирлари Россиянинг Новгород шаҳрида ватанларига пул жўнатмоқда. 2022 йил, июнь.

Ўзбекистондаги Oson ва PayWay пул ўтказиш тизимлари 5 сентябрдан халқаро пул ўтказиш ва пул олиш хизматини тўхтатганини маълум қилди.

Россиядаги Юнистрим ва бошқа пул ўтказиш ширкатлари ғарб санкцияларига учраши ва минтақадаги бир қатор банклар бу тизимлар билан ишлашни тўхтатгани ортидан Oson ва PayWay каби кичик тизимлар меҳнат муҳожирлари учун Ўзбекистонга пул жўнатишда муқобил платформаларга айланганди.

Пул ўтказиш тўхтатилиши ҳақида Марказий банкдан буйруқ бўлган. “Марказий банк тарафидан халқаро ўтказмалар вақтинча тўхтатилган. Аниқ вақти номаълум”, - деди PayWay ходими.

Oson мазкур хизмат тез кунларда тикланишини билдирган. Аммо ҳар икки хизмат Россиядан пул ўтказиш тўхтатилгани сабабини тушунтирмади.

Ўзбекистон Марказий банк матбуот хизматининг билдиришича, бу тўлов тизимлари "олувчиси ва жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларни акс эттирмасдан халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириб келган.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин.

Бироқ, амалиётда “BRIO GROUP” МЧЖ (OSON) тўлов ташкилоти хорижий банкда ҳисобварақ очиб, мазкур банк ҳисобварағи орқали юқоридаги Қонун талабларига зид равишда амалиётлар ўтказган", дейилади Марказий банк матбуот хизмати билдирувида.

Ўзбекистонда 52 та тўлов тизими бўлиб, Oson ва PayWay уларнинг энг йириклари ҳисобланади.

31 август куни Марказий банк Oson брендининг таъсисчиси Brio Group ширкатини жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни бузгани учун жаримага тортган эди.

Аммо, МБ Brio Group айнан қандай талабларни бузгани ва жарима миқдори қанча эканига аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон Марказий банкидаги Озодлик манбасига кўра, пул ўтказмалари иккиламчи санкциялар хавфи боис тўхтатилган.

Манбанинг айтишича, Oson ва PayWay каби тизимлар трансчегаравий пул ўтказмаларини тижорат банклари иштирокисиз тўғридан тўғри хориждаги контрагент орқали амалга ошириб келган, бу эса баъзи гуруҳларга санкция тартибини айланиб ўтиш имконини бериши мумкин.

Бундан олдин Ўзбекистондаги камида бешта банк ғарб санкцияларига учраган Россиянинг “Юнистрим” тўлов тизими билан ишлашни тўхтатган эди.

2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга хориж давлатларидан 5, 2 миллиард доллар пул ўтказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21, 5 фоизга камдир.

Россия Ўзбекистонга пул жўнатмалари бўйича етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга пул жўнатмаларининг 80 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Марказий банк жорий йилда Ўзбекистонга хориждан жами 11-11,5 миллиард доллар атрофида пул юборилишини тахмин қилмоқда. Бу 2022 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 32-35 фоизга оздир. 2022 йилда хориждан Ўзбекистонга 16,9 миллиард доллар пул жўнатилган эди.

XS
SM
MD
LG