Ссылки доступа

Путин ва Эрдўғон Сочида ғалла битимини муҳокама қилади


Владимир Путин ва  Ражаб Тоййиб Эрдўғон сентябрь бошида Сочида учрашади. Бу ҳақида Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси хабар берди.

Учрашувда Россиянинг ғалла битимидаги иштирокини давом эттириш ёки бу битимга муқобил шартнома муҳокама этилади.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Туркия ва Россия етакчилари тез кунларда учрашишини, Кремль бу учрашувни тайёрлаётганини билдирди. Bloomberg нашри ўз манбаларига асосланиб, учрашув 8 сентябрда бўлиб ўтиши мумкинлигини айтмоқда.

Россия қамал қилган Қора денгиз портларидан дон маҳсулотларини олиб чиқиш борасидаги ғалла битими 2022 йилнинг июль ойида тузилган эди. Битимга Украина, Россия, Туркия ва БМТ вакиллари қўл қўйган. Битимда украин ва рус портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қора денгиз орқали тўсиқсиз экспорт қилиш кўзда тутилган. Россия бу битимдан 17 июлда чиққан. Москвага кўра, шартноманинг рус ўғитлари ва озиқ-овқат экспорти билан боғлиқ қисми бажарилмаган.

Россия қўшинлари 18 йюлдан бошлаб деярли ҳар куни Одесса вилоятини бомбардимон қилиб, портлар инфратузилмасини вайронага айлантира бошлаган. Бу бомбардимонга сабаб сифатида Кремль Қрим кўпригига 17 июлда бўлиб ўтган ҳужумни кўрсатган.

Июль ўрталарида Германиянинг Bild газетаси хабар беришича, Россия Қатар ва Туркия билан биргаликда ғалла битими ўрнига бошқа битимни тайёрламоқда. Журналистларга кўра, рус ғалласини қашшоқ давлатларга экспортининг янги схемаси ишлаб чиқилмоқда, бунда Туркия - ташкилотчи, Қатар эса таъминотнинг ҳомийси сифатида иштирок этади.

XS
SM
MD
LG