Ссылки доступа

Путин президентликка сайланиш ниятини ноябрда ошкор қилиши мумкин


ВДНХ в Москве
ВДНХ в Москве

Владимир Путиннинг бешинчи президентлик сайловолди кампанияси "анъанавий қадриятлар" ва "Россия -ўзига хос тамаддун" шиорлари остида ўтиши кутилмоқда. 

Владимир Путиннинг бешинчи президентлик муддати учун сайловолди кампанияси “анъанавий қадриятлар” ва “Россия - алоҳида тамаддун” шиорлар остида ўтиши мумкин. Путин президентликка сайланиш ниятини ноябрдаёқ ошкор қилиши мумкин, вилоятларда унинг ишончли вакиллари рўйхатини тайёрлашга аллақачон киришилган. Бу ҳақда "Коммерсант" ва РБК нашрлари президент маъмуриятидаги манбаларга таяниб маълум қилган.

Москвадаги ВДНХда 4 ноябрь куни "Россия" кўргазмаси очилади, унда Россиянинг барча ҳудудлари, жумладан, босиб олинган ҳудудларнинг «ютуқлари» намойиш этилади.

Коммерсант манбаларига кўра, айнан шу кўргазмада Путин президентликка сайланишини эълон қилиши мумкин. Аввалроқ, "Верстка" нашри ҳам худди шу маълумотни айтган эди. Манбаларнинг таъкидлашича, ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

Аввалроқ Путин ўз режалари ҳақида фақат декабрь ойи ўрталарида, сайловлар расман эълон қилингандан кейингина айтишини маълум қилган эди.

РБК ёзишича, Кремль аллақачон дастлабки ишончли вакиллар рўйхатини тузмоқда. Ишончли вакиллар машҳур бўлиши ва Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаши шарт.

Коммерсант манбалари Путиннинг сайловолди кампанияси Россия “анъанавий қадриятлар”, хусусан, оилавий қадриятлар ҳимоячиси ҳамда “ўзига хос тамаддун” эканлигини урғулашга асосланишини таъкидламоқда. Ҳатто "оилалар оиласи" атамаси янграмоқда.

"Душманлар" Россияни йиқитмоқчи, аммо уюшган ва бирдам рус жамияти бунга йўл қўймаяпти" — Путин мана шундай тезислар билан чиқиши айтилмоқда. Украинадаги уруш мавзуси орқа фонга ўтади.

2020 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиришлар Путинга яна икки олти йиллик муддатга сайланиш имконини беради. Путин мамлакатни 2000 йилдан бери бошқариб келмоқда. Ҳозирча у қайта сайланиши ҳақида ҳеч нарса демаган, аммо ҳукуматдаги манбаларнинг деярли ҳеч бири бу борада шубҳа қилмайди.

XS
SM
MD
LG