Ссылки доступа

Путин Ғарб мамлакатларига “яшиндек шиддатли зарбалар” билан таҳдид қилди


Россия президенти Владимир Путин “четдан” кимдир Украинадаги вазиятга аралашгудек ва Россия учун номақбул стратегик таҳдид туғдиргудек бўлса, Москва унга “яшин тезлигида зарба” йўллашини билдирди.

27 апрель куни Қонун чиқарувчилар кенгаши аъзолари ҳузурида чиқиш қиларкан, Путин стратегик таҳдидлар пайдо бўлган тақдирда қўлланажак “яшиндек шиддатли зарбалар”га доир барча қарорлар аллақачон қабул қилинганини таъкидлаган.

Путин бу зарбаларни “жавоб-муқобала зарбалари” деб атаган. Мазкур термин ҳарбий доктриналарда душман ҳужуми тасдиқланган факт бўлиб, ҳимояланувчи томонга ҳали жиддий талафот етказмаган шароитда ядро қуроли билан қарши зарба йўллашни билдиради.

Россия президенти айнан қайси нишонларга ва қандай қурол билан “яшин тезлигида зарбалар” берилишини очиқлаган эмас. У айнан ядро қуролини тилга олмаган, бироқ Россиянинг потенциал душманларида йўқ қандайдир қуролга ишора қилган ва хорижий ўлкалар Украинадаги вазиятга аралашгудек бўлса, тарихда кўрилмаган оқибатларга дуч келишларини айтган.

Путин “стратегик характердаги номақбул таҳдидлар” деганда нимани назарда тутганига ҳам аниқлик киритмаган. Россия ҳарбий доктринасига мувофиқ, Россия ўзига қарши агрессия давлатчилик мавжудиятини хавф остига қўйган тақдирдагина ядровий қуролни биринчи бўлиб қўллаши мумкин.

XS
SM
MD
LG