Ссылки доступа

Путин: Европа санкцияларни бекор қилса, Россия дон экспорт қилишга тайёр


Иллюстративная фотография

Агар Ғарб Украинадаги уруш туфайли жорий этилган санкцияларни бекор қилса, Россия глобал озиқ-овқат инқирозини енгиб ўтишга катта ҳисса қўшишга тайёр.

Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин 26 май, пайшанба куни Италия бош вазири Марио Драги билан телефон орқали мулоқотда айтиб ўтди, деб ёзади Reuters.

Давлат раҳбарлари Украинадаги вазият, озиқ-овқат инқирози ва унинг қашшоқ мамлакатларга таъсирини муҳокама қилди. Владимир Путин шартлар бажарилса, Россия ғалла ва ўғит экспорт қилишга тайёрлигини таъкидлади.

Кремлнинг маълум қилишича, Путин Марио Драгига навигация хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар, жумладан, Украина томони тўсқинлик қилаётган Азов ва Қора денгиз портларидан фуқаролик кемаларининг чиқиши учун инсонпарварлик йўлакларини очиш ҳақида гапирган.

Бундан ташқари, Россия президенти Марио Драгига шартномаларда белгиланган нархларда Италияга газни узлуксиз етказиб беришни кафолатлади.

Қўнғироқнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган.

Бундан ташқари, 26 май куни Италиянинг Россиядаги элчихонаси дипломатларнинг чиқариб юборилиши, шунингдек, Россия Марказий банкининг консуллик тўловлари бўйича операцияларга хизмат кўрсатувчи банкка нисбатан санкциялари туфайли визалар учун ҳужжатларни қабул қилишни тўхтатаётганини маълум қилди.

Урушдан олдин, АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Россия ва Украинадан буғдой этказиб бериш жаҳон савдосининг қарийб 30% ни ташкил қилган ва Украина маккажўхори экспорти бўйича дунёда тўртинчи ва буғдой экспорти бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллаган.

Қора ва Азов денгизлари Россия ҳарбий кемалари томонидан назорат қилинади. 1 май куни Украина инфратузилма вазирлиги Бердянск, Мариупол, Скадовск ва Херсон денгиз портларини ушбу ҳудудлар озод қилинмагунча ёпишга қарор қилди.

«Катта еттилик» мамлакатлари Россия дон бозоридаги мавжуд вазиятдан «гибрид уруш» қуроли сифатида фойдаланаётганини айтишди. Март ойида БМТ озиқ-овқат нархларининг 12 фоиздан кўпроққа ошганини қайд этди. Бу 1990 йилдан бери рекорд кўрсаткичдир.

XS
SM
MD
LG