Ссылки доступа

Қайта қамалган собиқ МХХ полковниги яқинлари президентдан уни озод қилишни сўрамоқда


Қарийб етти йил қамоқда ўтириб, жорий йил апрелида озодликка чиққан Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ МХХ) Қашқадарё вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи Иброҳим Деҳқонбоев яна ҳибсга олинган.

Маҳкумнинг яқинлари иддаосича, Зангиотадаги колонияда сақланаётган Иброҳим Деҳқонбоев телефон сўзлашувлари ва хат ёзишишдан маҳрум қилинган ҳамда қамоқхонада оғир ишларга мажбурланмоқда.

Эри сохта айбловлар билан қамалганини иддао қилган маҳкумнинг рафиқаси Малоҳат Деҳқонбоева президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, эрини озодликка чиқаришни сўради.

Полковник Деҳқонбоев 2014 йили Қашқадарёда ўнлаб МХХ ходимларининг қамалашига оид шов-шувли жиноят ишида асосий фигурант сифатида кўрилган эди.

16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Деҳқонбоев жорий йил апрелида муддатидан аввал озодликка чиқарилган ва орадан уч ой ўтиб, қайта қамалган.

Иброҳим Деҳқонбоевнинг яқинлари МХХ (ҳозирги ДХХ) идораси собиқ бошлиғи тақдирига оид шу пайтгача матбуотга номаълум бўлган маълумотларни тақдим қилишди.

Тошкент, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидаги МХХ идораларини 22 йил бошқарган полковник Иброҳим Деҳқонбоев қамоқдан озод қилинганидан 90 кун ўтиб, қайта қамалган.

Жиноят кодексининг 210-модда (Пора олиш) ва 301-модда (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) бўйича айбланиб, 16 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган полковник Деҳқонбоев жорий йилнинг 6 апрель куни озодликка чиқарилганди.

У озодликка чиқарилганидан икки ҳафта ўтиб, интернет орқали президентга видео мурожаат билан чиқиб, ўзининг “эски тизимнинг ноҳақ қурбони бўлгани”ни айтиб, озод этилгани учун Мирзиёевга миннатдорчилик билдирган эди.

Деҳқонбоев ўз чиқишида Ўзбекистон МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ва МХХнинг шахсий хавфсизлик бошқарма бошлиғи Рустам Назаров, Сурхондарё МХХ бошқармаси Тергов бўлими бошлиғи Нодир Тўрақуловларнинг “қасддан қилган айбловлари сабаб қамалгани”ни иддао қилган.

Деҳқонбоев ўз чиқишида унга нисбатан қамоқхонада қийноқ қўлланилганини ҳам айтади.

Иброҳим Деҳқонбоев яқинларининг иддао қилишича, уни ушбу чиқишидан сўнг Тошкентдаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига чақириб, таҳдид қилишган.

“Интернетдаги шу видеодан сўнг Иброҳим акани ГУИН (Жазони ижро этиш бош бошқармаси. таҳр)га чақиртиришди. Тепадагиларга Интернетдаги чиқиш ёқмаган экан. Улар Иброҳим акага таҳдид қилиб, жим юрмаса, бир умрга қамалиб кетиши мумкинлигини айтишган”, -деди Деҳқонбоевнинг яқинларидан бири аноним қолиш истаги билан.

Жорий йилнинг 5 июль куни, Деҳқонбоев яқинларига кўра, уни Жазони ижро этиш бош бошқармасига қайта чақиртиришган ва у шу куни ушбу бинодан қайтиб чиқмаган. Маҳкумнинг рафиқаси Малоҳат Деҳқонбоева президент Мирзиёевга қилган мурожаатида эри сохта айбловлар билан қамалганини иддао қилган.

Деҳқонбоев яқинларига кўра, унинг қайта қамалганига оид бирор ҳужжат берилмаган.

Деҳқонбоева эрига нисбатан қамоқхонада ғайриинсоний муносабат қилинаётганидан ҳам шикоят қилган.

Деҳқонбоев қариндошлари унинг аввалги қамоқ пайти қийноққа тутилганини айтиб, бунга исбот сифатида бир қанча ҳужжат ва суратларни тақдим қилишди.

“Суратларда унинг баданида турли жароҳат излари бор. Ҳужжатларда бу чандиқлар колонияга тушмасидан олдин бўлмагани ёзилган. Суратларда бемалол кўрса бўлади қийноқ изларини. Ҳозир ҳам унга қийноқ қўлланилмаётганига ҳеч ким кафолат бермайди. Биз унинг бир умрга қамалганини тахмин қиляпмиз”, - дейди Деҳқонбоев қариндошларидан бири.

Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ МХХ) Қашқадарё вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи Иброҳим Деҳқонбоев 2014 йилнинг август ойида ҳибсга олинган.

Қашқадарёдаги энг нуфузли шахслардан саналган Деҳқонбоев ўша пайтда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш, давлатга катта миқдорда иқтисодий зиён етказиш, товламачилик каби жиноятларда айбланган.

Деҳқонбоев жиноий гуруҳ тузганликда айбланган ва унинг жиноий гуруҳига алоқадорлик айблови билан ўнлаб МХХ ходимлари ушланган эди.

Ўша пайтда “Деҳқонбоевнинг Қашқадарё ва Тошкент вилоятида маҳаллий бизнес устидан назорат ўрнатгани ва унинг ўнлаб миллион АҚШ долларига тенг бойлиги борлиги” ёзилганди.

2021 йилнинг 13 сентябрь куни маълум бўлишича, Иброҳим Деҳқонбоев 2014 йилнинг декабрида суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) ва 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) бўйича айбдор деб топилиб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2015 йилда Деҳқонбоев устидан қайта суд ўтказилган ва унинг қамоқ жазосига яна 1 йил қўшиб берилган.

XS
SM
MD
LG