Жанубий Корея полицияси Telegram мессенжерига нисбатан тергов бошлади. Telegram порнодипфейкларни тарқатишда кўмаклашишда гумонланмоқда. Бу ҳақда Рёнҳап агентлиги хабар берди.
Миллий тергов бюроси раҳбари У Чон Су бундай текширув мамлакатда илк бор ўтказилаётганини ва бу Франция расмийларининг тергов ҳаракатларига ўхшашлигини айтди.
Август ойининг охирида атиги тўрт кун ичида дипфейклар билан боғлиқ 88 та шикоят келиб тушган, 24 нафар гумонланувчи аниқланган. Шунингдек, полиция автоматик равишда дипфейклар яратувчи саккизта телеграм-бот, шунингдек, бундай материалларни тарқатувчи гуруҳлар фаолиятини текширмоқда.
Қайд этилишича, Telegram аккаунт ҳақидаги маълумотни тақдим этмаслиги терговга қийинчилик туғдирмоқда. Кореялик терговчилар Франция тергов органлари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқчи.
Павел Дуров 25 августга ўтар кечаси Озарбайжондан хусусий учоқ билан учиб келган пайтда Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган. 26 август куни Париж прокуратураси июль ойида Telegram платформаси ёрдамида амалга оширилган муҳтамал жиноятлар билан боғлиқ равишда жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилган эди. Дуров ана шу иш тергови доирасида қўлга олинган. У ерда 12 хил жиноят ҳақида гап борган.
Financial Times нашри Еврокомиссия Telegram мессенжерига нисбатан тергов бошлагани ҳақида хабар қилган. Муассаса ЕИда мессенжернинг аслида қанча фойдаланувчиси борлигини аниқламоқда. Еврокомиссия Telegram рақамли хизматлар бозори тўғрисидаги қонунга мувофиқ равишда фаолияти кескинроқ назорат остига тушмаслиги учун ЕИдаги фойдаланувчи сонини камайтириб кўрсатган бўлиши мумкин, дея гумон қилмоқда, дейилган нашр мақоласида.
Telegram порно дипфейкларни тарқатишда кўмаклашишда гумонланмоқда.