Ссылки доступа

Суриштирув: Россия украин ғалласини Қрим орқали олиб чиқиб кетмоқда


Россия Украинада тортиб олинган озиқ-овқат маҳсулотларини аннексия қилинган Қримга олиб кетяпти, у ердан эса асосан бошқа мамлакатларга тегишли кемаларда Туркия, Миср ва Сурияга ташимоқда.

“Схеми” дастури (“Озодлик” радиоси лойиҳаси), Би-би-си ва Reuters суриштирувчилари ана шундай хулосага келишган, дея хабар қилди “Настояшчее Время”.

Украина расмийлари Россияни уруш чоғида ишғол қилинган ҳудудлардан камида 400 минг тонна ғалла ўғирлаганликда айбламоқда. Россия эса бунга доир барча айбловни рад этиб келади.

“Схеми” журналистларининг аниқлашича, украин ғалласи Қримда Севастополдаги “Авлита” портидан кемаларга ортилади. “Қрим портига киришда кемалардаги радарларни ўчириб қўйишяпти, шу боис уларни мониторинг тизими орқали кузатиш имконсиз. Аммо қуруқ юк ташийдиган кемалар сунъий йўлдошдан “яширина олмайди”, уларнинг портга киргани ва юк олгани космосдан қайд этилмоқда”, дейилган суриштирувда.

Журналистлар бу йил Қримдан ўтган йилгига нисбатан анча кўп ғалла жўнатилаётганини аниқлаганлар. Яриморолда бунча дон бўлиши мумкин эмас. “Ғалла юк машиналарида Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан келтирилмоқда”, дея таъкидлашган суриштирувчилар.

Яриморолдан эса ғалла кемаларда ташилмоқда. Кемалар нафақат Севастополдан, балки Феодосия ва Керчдан ҳам жўнатиляпти. Украина прокурори Игорь Поночовний ҳам “ғалла ўғирлаб сотиш” шу тартибда йўлга қўйилганини айтган. Прокурорга кўра, бунақа кемаларда икки юк ҳужжатлари икки хил бўлади: ҳақиқий ва сохта ҳужжатлар.

БМТ ва халқаро ташкилотлар Россия босқини муносабати билан Украинадан ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини денгиз орқали ташиш тўхтаб қолиши ривожланаётган мамлакатларда очарчиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдириб келади.

XS
SM
MD
LG