Ссылки доступа

Путин Балидаги G20 саммитида қатнашмайди


Россия президенти Владимир Путин 15-16 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтадиган “Гуруҳ 20” саммитида қатнашмайди. Бу ҳақда пайшанба куни Reuters агентлигига Индонезия ҳукумати вакили маълум қилди.

Бу маълумотни Россиянинг мамлакатдаги элчихонаси тасдиқлади. Шу билан бирга, иккала томон ҳам Путин саммит доирасидаги учрашувлардан бирида онлайн тарзда иштирок этиши мумкинлигини таклиф қилишди.

Саммитда Россиядан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этади. Бу ҳақда бугун ТАССга президент матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Июль ойида Балидаги G20 ташқи ишлар вазирларининг конференциясида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров яккаланиб қолган ва учрашувни муддатидан аввал тарк этган эди.

Аввалроқ Индонезия расмийлари Россиянинг саммитга таклифини бошқа давлатлар томонидан босимга учраган тақдирда ҳам қайтариб олмасликларини билдирган эди.

Украина президенти Владимир Зеленский 3 ноябрь куни Владимир Путин саммитда иштирок этса, унда иштирок этишдан бош тортишини айтди. Бироқ, 8 ноябрь куни Киев шунга қарамай, Зеленский саммитда “қайсидир форматда” – эҳтимол онлайн тарзда иштирок этишини тасдиқлади.

Балидаги G20 йиғилишида АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой етакчиси Си Цзинпин иштирок этади. Байден аввалроқ Украинадаги келишув мавзусини кўтаришга ваъда берган эди.

XS
SM
MD
LG