Россиянинг Сочи оромгоҳида Лукашенко учун 50 млн долларлик қароргоҳ қурилмоқда. Бу ҳақида БEЛПОЛ жамоаси ва Белсат телеканалининг қўшма журналистик суриштирувида гап кетади.
"Лукашенконинг энг катта ўғрилигининг тарихи" номли суриштирувда Сочи яқинида Лукашенкого алоқадор одамлар ҳар бири 300 квадрат метрдан катта бўлган учта ҳашаматли коттеж, меҳмонхона, ресторан мажмуаси ва шале қураётгани ошкор этилган
Красная Поляна курорт қишлоғида жойлашган бу ҳудуд аввал Беларусь давлатига тегишли бўлган. Бироқ, президент Лукашенконинг махфий буйруғи билан бу жойлар бозор қийматидан 20 баравар арзонга (5,1 миллион долларга) Лукашенконинг ишончли одамларига сотилган.
Суриштирувда айтилишича, янги қароргоҳнинг қурилишини 2021 президент маъмуриятининг собиқ ишлар бошқарувчиси Виктор Шейман назорат қилмоқда. Шейман 1994 йилдан бери Лукашенко билан узлуксиз ишлаб келган ягона юқори мартабали амалдор ҳисобланади.
Янги қароргоҳ дронларга қарши мудофаа, металл детекторлар, тепловизир, радиометрик мониторинг ва бошқа хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланмоқда.
Аввалроқ БEЛПОЛ Александр Лукашенконинг қариндошлари яшайдиган ҳашаматли қароргоҳ ҳақида суриштирув эълон қилган эди.
2023 йил сентябрида эса Лукашенконинг президент маъмурияти яқинида жойлашган эҳтимолий қароргоҳи ва уни жиҳозлаш учун бюджетдан ажратилган катта маблағ ҳақида ҳам суриштирув чиққан.
"Зеркало" нашрининг ёзишича, ҳозирда Александр Лукашенконинг камида 17 та қароргоҳи бор. У халқаро меҳмонларни кўпинча Мустақиллик саройида қабул қилади, ўзи эса Минск яқинидаги Острошицкий Городокда яшайди. Бу қароргоҳларга қараб туриш йилига “ўнлаб миллион доллар”га тушади.
Қароргоҳлар ичида энг ҳашаматлиси Минскдаги Мустақиллик саройи ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сарой инфратузилмасининг ўзига 250 миллион доллар сарфланган.