Ссылки доступа

Риши Сунак Британиянинг янги бош вазири бўлади


Риши Сунак Британия Консерваторлар партияси лидерлигига сайланди. Бу эса у яқин кунларда Британия бош вазири лавозимига тайинланишини англатади.

Сунак икки ойдан камроқ бош вазирлик қилган Лиз Трасс ўрнини эгаллайди. Қирол Карл III уни бош вазир лавозимига тайинлаш қарорини шу ҳафта ичида имзолаши кутилмоқда.

42 ёшли Риши Сунак Британиянинг келиб чиқиши Жанубий Осиёдан бўлган илк бош вазири бўлади. Унинг тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ишловчи ота-онаси Британияга Шарқий Африкадан 1960 йилларда кўчиб келган. Сунак дастлаб нуфузли мактабда, кейин эса Оксфорд ва Стэнфорда ўқиди. Бу ерда у ўзининг бўлажак хотини Акшат Мурти билан танишган. Акшат ҳиндистонлик миллиардернинг қизи.

Сунак университетни тамомлаганидан сўнг Goldman Sachs инвестиция банкида ишлади. Бугунги кунда у ва рафиқаси Британиянинг энг бой одамлари рўйхатида 222-ўринни эгаллаган. Уларнинг икки қиз фарзанди бор.

Сунак 2015, 2017, 2019 йилларда парламент депутатлигига сайланган. У Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши тарафдори бўлган. 2019 йилда бош вазир Тереза Мэй истеъфо бергач Сунак бу лавозим учун Борис Жонсон номзодини қўллаган. Жонсон ғалабасидан сўнг Сунак Британия ғазнаси бош котиби лавозимига тайинланган. Сунак 2020 йилдан бери молия вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.

2022 йилнинг июлида Сунак Борис Жонсоннинг иқтисодий сиёсатини қўлламаслигини билдириб, истеъфога кетган. Экспертлар фикрича, Сунак истъефоси Жонсон кабинетининг ҳокимиятдан кетишига асосий сабаблардан бири бўлган.

Сунак ўз тарафдорлари учун “иқтисодиётдаги қаттиқўллик рамзи”дир. У 2022 йил сентябрда бош вазир лавозимига тайинланган Лиз Трасс ўтказмоқчи бўлган ислоҳотларни “эртак” деб баҳолаган.

Лиз Трасс истефо берганидан сўнг YouGov ўтказган ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 43 фоизи Сунак яхши бош вазир бўлишига ишонади.

XS
SM
MD
LG