Қариндошлари Туркияда ноқонуний яшаётган туркманистонликларга Туркия визаси берилмаяпти. Буни Озодлик радиосига Туркиядаги нолегал қариндошлари деб Ашхободдаги элчихонадан виза ололмаган бир қанча туркманистонликлар тасдиқлади.
“Эрим билан Туркияда 10 йил ишладик. Биометрик паспортларимиз муддати тугади ва уни янгилаш учун Туркманистонга қайтишимиз лозим эди. Иккимиз ҳам қайтишимиз молиявий аҳволимизни оғирлаштириши мумкин эди, шунинг учун фақат мен қайтдим. Муддати ўтган паспорти деб яшашга ижозатни узайтира олмаган турмуш ўртоғим Туркияда нолегал тарзда қолишга мажбур бўлди. Мен пора бериб янги биометрик паспорт олдим ва Туркияга қайтиш учун визага ҳужжатларни топширдим. Бироқ Ашхободдаги Туркия виза маркази менга рад жавобини берди”, деди Озодлик билан суҳбатда исмини ошкор қилишни истамаган Чоржўйлик бир аёл.
Унинг айтишича, Туркия визасини шу тарзда ололаётганлар кўпайган. Бунга сабаб сифатида улар яқин қариндошлари Туркияда ноқонуний ишлаётганини кўрсатмоқда.
Туркиянинг Ашхободдаги элчихонаси ва виза маркази рад сабабларига изоҳ бермаган.
Туркманистондаги иқтисодий инқироз деб кўплаб туркманлар хорижга чиқиб кетмоқда.
2022 йилгача туркманистонликлар Туркияда 30 кун визасиз қолиши мумкин эди. Бироқ 2022 йилдан Ашхобод талаби билан мамлакатлар ўртасидаги визасиз режим бекор қилинган. Шундан бери Туркияда яшаб келаётган туркманистонликлар паспортини янгилаш ва иқоматини узайтиришда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Устига устак, сўнгги йилларда Туркия ҳукумати ноқонуний муҳожирларга қарши курашни ҳам кучайтирган.
Туркманистон фуқаролари Туркияда иқоматга (яшаш учун рухсатнома) эга бўлган хорижликлар ичида биринчи ўринда келмоқда. Туркияда 112 081 нафар Туркманистон фуқароси қонуний тарзда доимо яшайди. Бундан ташқари, 68 321 нафар туркманистонликлар қисқа муддатга, 19 912 нафари талабалик визаси асосида ва 7 085 нафари оилавий виза билан мамлакатда яшаб турибди.
Бироқ Туркиядаги ноқонуний туркман муҳожирларининг сони ушбу расмий рақамлардан бир неча баробар кўпроқлиги айтилмоқда.
2022 йилгача туркманистонликлар Туркияда 30 кун визасиз қолиши мумкин эди. Бироқ 2022 йилдан Ашхобод талаби билан мамлакатлар ўртасидаги визасиз режим бекор қилинган.