Ссылки доступа

ЕИ Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиганлар билан шуғулланади


Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини муҳокама қилишни бошлайди. Бу сафар Брюссел Москва билан эмас, балки унга мавжуд санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиганлар билан ҳам шуғулланиш ниятида.

Европа Иттифоқи Пасха байрамларидан сўнг Москвага қарши 11-санкция пакети билан шуғулланишни режалаштирмоқда. Бироқ, бу сафар Брюссел Россияга эмас, балки аввал қўлланган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган давлатларга эътибор қаратади.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, шу йўл билан Ғарб Россиянинг барча ресурсларга кириш имкониятини ёпмоқчи.

“Биз ўнинчи пакетга жисмоний шахслар, компаниялар, шунингдек, юридик шахсларни, шу жумладан учинчи мамлакатлардагиларни ҳам киритиш имкониятини киритганмиз. Лекин бу, албатта, етарли эмас ва шунинг учун 11-санкциялар пакети устида ишламоқчимиз. У асосан санкцияларни айланиб ўтиш ва бунга қандай қарши туришимиз билан боғлиқ бўлади”, — деди Еврокомиссия раҳбари.

Амалдаги 10 та санкция пакети Россияга юк машиналари ва самолёт двигателлари учун эҳтиёт қисмлар, шунингдек, қурилиш сектори учун ускуналар, жумладан, оғир техникаларни етказиб беришни тақиқлашни ўз ичига олади. Чекловлар турли электрон компонентларга ҳам таъсир кўрсатди, чунки бундай икки мақсадли товарлар ва технологиялар ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин.

Бугунги кунда БАА, Хитой, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия Россияга параллель импортнинг асосий манбалари ҳисобланади. Бироқ, 9 мартдан бошлаб Европа Иттифоқидан Россияга барча санкцияланган товарлар транзитини тўхтатди. Бунгача Туркия ҳукумати логистика компанияларига Россияга йўналтирилиши тақиқланган товарлар рўйхатини топширган эди. Тақиқлар икки томонлама маҳсулотларга ҳам таъсир кўрсатди.

XS
SM
MD
LG