Ссылки доступа

Россия қамоқдаги ўзбекларни ҳам урушга ёлламоқда


14 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин сафарбарлик кейинги икки ҳафтада якунланиши ва ҳозирга келиб 222 минг киши урушга сафарбар қилинганини билдирди.

Путиннинг баёноти Россияда меҳнат қилаётган ўзбек, тожик ва қирғиз муҳожирлари Россия фуқаролигига эга бўлмаса-да, чақирув қоғози олишни бошлагани ҳақидаги хабарлар кўпайгани манзарасида янграмоқда.

Айниқса, Россия қамоқхоналари ва колонияларида қолаётган ўзбекистонлик маҳкумларнинг яқинлари уларни урушга ёллаш учун турли усул, жумладан, қийноқлар қўлланаётганини айтишмоқда. Жамоатчилик ташкилотлари ва ҳуқуқ фаоллари муҳожирларнинг кейинги тақдиридан хавотир билдирмоқда.

Россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли ва сиёсатчиси Ольга Романова ўзининг Телеграм-каналида “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси хорижликларни Украинадаги урушга ёлланаётганини ёзди.

Унинг сўзларига кўра, қамоқхоналардан Беларус, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон фуқаролари урушга олиб кетилаётгани ҳақида хабарлар олган.

“Ҳеч қандай пул ёки компенсация ҳақида гап йўқ. Ўтган ҳафта Ярославл зоналарида тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини сақлаб қолдик. Жин урсин, ахир улар чет эллик! Бугун тунда эса, Бошқирдистонда бўлган ўзбекларнинг қариндошлари менга мурожаат қилишди. Уларни олиб кетишди. Ўзбекистон элчихонасидан бизга ёзишди, биз улар билан алоқадамиз. Ҳой, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон элчихоналари, нима учун фуқароларингизни украиналикларни ўлдириш учун юборишаётгани билан қизиқиб кўрмаяпсиз?”, дея хитоб қилди "Қамоқдаги Русь" ташкилоти раҳбари Ольга Романова.

Охирги пайтларда айниқса қамоқхона, колония ва тергов изоляторларида сақланаётган ўзбек муҳожирлари жиддий хатар остида қолаётгани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Урушга ёлловчи контрактни имзолашга мажбурланаётган мигрантлар қамоқхона маъмурияти, уларнинг қўл остидаги, маҳкумлар таьбири билан айтганда “лохмачлар”, полиция ва бошқа кучишлатар тизим ходимлари қаттиқ босими остида қолгани тўғрисида яқинларига хабар қилмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Каримжон Ёров рус ҳукумати айнан муҳожирлар ва Россиянинг рус бўлмаган минтақалари аҳолисини урушга жалб қилишга уринаётганини айтади.

- Одамларни ёлланишга мажбурлашмоқда, калтаклашмоқда. Бир ўзбек йигити 9 йил ўтирибди, қолган 3 йилини ўтирмасдан, урушга бориб келишни таклиф қилишмоқда. Аниқроғи уларни уришмоқда. Нафақат бизларнинг ўзбек-тожиклар. Кеча бир беларус аёлнинг ўғлини калтаклаб, контракт имзолатишибди. Ҳозир Луганскда экан бу йигит, телефон қилибди. Кеча бир Тожикистон фуқароси телефон қилиб, унда шартли муддат бўлишига қарамай, повестка келганини хабар қилди. Яна бир қирғиз йигит мурожаат қилиб, унда ҳам шартли муддати борлиги, Украинага кетишга мажбурланаётганини маълум қилди. Яъни, бу биз билган ҳолатларгина!

Ҳуқуқ фаоллари Украинанинг босиб олинган ва вайрон қилинган ҳудудларидаги қурилиш ишларига ҳам Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларини жалб қилаётганидан хавотир билдирмоқда.

Мигрантлар ҳимоячиси Валентина Чупик Украинанинг Мариуполь шаҳрига мингдан зиёд ўзбек йигитлари юборилгани тўғрисида хабар олганини айтди. Аниқланишича, ўзбек муҳожирлари Москвадаги турар-жой ширкатлари томонидан оммавий тартибда ёлланган. У Украинада ишлаётган ўзбек мигрантлари мамлакатга ноқонуний кириб келгани ва бу ҳудудлар ҳалигача ракета ва артиллерия зарбалари остида эканини ўзбекистонликларга эслатиб қўйиш лозимлигини таъкидлайди.

Аввалроқ Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон элчихоналари ўз фуқароларини Россия қуролли кучлари таркибида Украинага қарши урушда қатнашган тақдирда жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG