Ссылки доступа

Россия: Миграция агентлиги ишга жўнатган ўзбек муҳожирлари ёрдам сўрамоқда


Россиядаги ўзбек муҳожирлари энг ҳимоясиз қатламлардан бирига айланган.
Россиядаги ўзбек муҳожирлари энг ҳимоясиз қатламлардан бирига айланган.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги томонидан ёлланган ва россиялик иш берувчи билан шартнома имзолаб, Смоленск вилоятидаги балиқ заводига ишга келган муҳожирлар ишсиз ва маблағсиз қолганидан шикоят қилмоқда.

Улар иш берувчини ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажармасдан, уларни на ҳужжат ва на иш билан таъминлаганликда айламоқда.

Шу йилнинг 10 февралида Смоленскдаги иш берувчидан қочиб Москвага келган бир гуруҳ ўзбек муҳожири Озодлик таҳририятига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Тунги саот 2ларда Москванинг Беларус вокзалида журналистлар билан учрашган мигрантларнинг айтишича, Смоленск вилоятининг Вязьма шаҳридаги балиқни қайта ишлаш комбинатида яна 30 га яқин ўзбекистонлик ишчи ёрдамга муҳтож.

- Давлат томонидан “иш билан таъминлаймиз” деган ҳужжатлар билан кеганмиз. Шартномага амал қилмасдан, фирма бизни бўшатиб юборганидан кейин биз кўчада нима қилишимиз керак? Бизга ўхшаган мигрантлар, тирикчилик ғамида келганлар у ерда кўп. Ёши катталар ҳам бор, дейди Фарруҳ исмли муҳожир.

Вязьма балиқ комбинатида ишлаб келган ишчиларнинг бир қисми Навоий, кўпроқ қисми эса Андижон вилоятидан борган.

Мигрантлар ишга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги воситачилигида тузилган шартнома асосида Россияга келганликларини билдиришди. Мигрантларнинг иддаосича, келганидан буён улар ишсиз, ҳужжатсиз юришган.

Москвада улар маҳаллий миграция агентлиги идорасига ёрдам сўраб мурожаат қилишганди.

Ўзбекистон элчихонаси ва агентлик ходимлари бу муҳожирлар иши билан шуғулланаётгани айтилмоқда.

2021 йилнинг ноябр охирларида Смоленск вилоятидаги балиқни қайта ишлаш заводидаги ўзбекистонлик мухожирлар ўз муаммолари тўғрисида Интернетда бир қанча мурожаатлар чиқариши ортидан вазиятни ўрганиш учун ҳудудга Ўзбекистондан Меҳнат вазирлиги делегацияси ташриф буюрган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ўзининг Фейсбук саҳифасида 70га яқин ўзбекистонлик ёлланма ишчилар паспортларини иш берувчидан олиб бераётгани тўғрисида видео жойлаганди.

Унда иш берувчи ташвилот вакили Роман билан суҳбатдан комбинатда 200 нафар ўзбек муҳожири ишлаётгани англашилади.

Вазирлик расмийлари саволларига жавоб берган андижонлик мигрантлар маош ололмаётганидан ҳам арз қилганини кўриш мумкин.

Вазирлик ходимлари комбинатда ишлашни хоҳламаётган ишчиларга паспортлари қайтариб берилаётгани ва шартнома бекор қилинаётганини айтади.

Бироқ, афтидан, Меҳнат вазирлиги расмийлари кетиши ортидан у ерда ишловчи Ўзбекистон ватандошлари билан боғлиқ вазият мутлақо ўзгармасдан қолган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов вазият юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирди.

- Билишимча, Москвадаги идорамиз фуқароларимиз иши бўйича шуғулланаяпти. Айнан сиз айтган ҳолат бўйича. У ерда ўзлари борганлар ҳам бор. Билишимча, 3-4 фуқаромиз иши назоратга олинган, улар ўрганиляпти ҳозир, -деди Ташқи миграция агентлиги вакили.

Меҳнат вазирлигининг Ўзбекистондаги яна бир ходимларидан бири ўтган йил охирларида 500га яқин мигрант Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри, Мордовия, Москва, Пенза ва Смоленск вилоятларига олиб келинганини билдирди.

“Бу ишчиларнинг асосий қисми шу минтақаларда жойлашган “Константа”, “Уровень”, “Ванта”, “Веспа” ва “Озон” ташкилотлари томонидан ишга ёлланган. Бу ширкат вакиллари Ўзбекистонда ёлланган ҳар бир ишчи учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоятлардаги, масалан, Андижон, Навоий, Қаршидаги ходимларига 100 долларгача пул бериб келган. Масалан, Галия исмли россиялик бир рекрутинг компанияси раҳбари кўплаб ёлланган ишчиларимизни шу компанияларга деярли сотиб келяпти.

ТММА кўмагида Ўзбекистонда шу аёл ёллаган ишчиларнинг бир қисми Пенза вилоятининг “МК Ресурс” фирмасига борган, у ерда бир неча ой ишлаб пул ололмаганидан каейин Вязьма балиқ комбинатига тушган. Бу иш берувчилар ўз шартномаларини қўпол бузган ҳолда муҳожирларимизга маош тўламасдан ишлатиб келмоқда”, - деди исмини ошкор қилмасликни сўраган Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ходими.

Москвага келган ва ҳозирча маблағсиз, уйсиз-жойсиз қолаётган ўзбек муҳожирлари уларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган ватандошлар кўмагида вақтинчалик квартираларга, уларнинг бир қисми Меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хостелларга жойлаштирилди.

Бу Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан юборилган ишчиларнинг оғир аҳволга тушиб қолиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.

Айни дамда Ўзбекистон ҳукумати Россияга кўпроқ меҳнат муҳожирлари юбориш режасини эълон қилган. Жумладан, Россия қурувчилик соҳасига яна 10 минг, қишлоқ хўжалигига эса яна 1 108 киши жалб қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2021 йилда муҳожирлар томонидан Ўзбекистонга 8,1 млрд. АҚШ доллари ҳажмида пул ўтказмалари амалга оширилди.

XS
SM
MD
LG