Ссылки доступа

Ўзбек мигрантлари Россияга ўз йўли билан боришни афзал кўрмоқда


Ўзбекистон давлат органлари орқали Россияга меҳнат муҳожирларини ёллаш деярли олти баробарга камайди. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) маълумотларига кўра, жорий йил давомида Ўзбекистондан Россияга уюштирилган ҳолда атиги 4 мингга яқин одам жўнатилган.

Миграция мутахассисларига кўра, бу рақамлар меҳнат мигрантларига Россияга уюшмаган ҳолда келиб, ишлаб кетиш қулайлигини кўрсатади.

2022 йилнинг биринчи ярмида Россияга ишлаш учун 2021 йилнинг шу даврига нисбатан олти баробар кам мигрант кетган.

Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида 2017 йилда эришилган келишувга биноан Ўзбекистондан Россияга уюшган ёллаш орқали олиб келинган ишчилар сони 3906 нафарни ташкил этди. “Интерфакс” хабарига кўра, агар 2021 йилнинг биринчи ярмида Россияга 22 116 ўзбек мигранти кетган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 6 баробарга камайган.

Айни дамда, Россия Ички ишлар вазирлиги Россиядаги меҳнат мигрантлари сони ўтган ярим йилда кўпайганини таъкидламоқда.

Расмий рақамларга кўра, шу йилнинг январ-май ойларида Россия Миграция хизматида рўйхатга олинган чет элликлар сони 6,6 миллион кишини ташкил этган. Бу бир йил аввал 3,9 миллион киши рўйхатга олинганидан деярли икки баробар кўпдир. Шу билан бирга, “Ведомости” нашри ўз манбаларига таяниб, марказий осиёликлардан бошқа барча давлат фуқаролари оммавий равишда ўз юртларига қайта бошлагани ҳақида ёзди.

Бу рақамларга расмий изоҳ берган Бутунроссия миллий қурилиш сиёсати маркази раҳбари Александр Моор бугунда мамлакатда ишчи кучи дефицити сезилмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мутахассислар Россиядаги муҳожирлар сонининг ўсиши уларнинг хизматларига нисбатан юқори талабдан далолат беради, демоқда.

2021 йилда ташкиллаштирилган тартибда ишга ёллашнинг ўсиши мутахассислар томонидан биринчи навбатда коронавирус чекловлари билан боғлиқлиги тушунтирилди. Бу даврда Ўзбекистон давлат идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилган Россия компанияларига ишга ёллаш орқалигина Россияга ишлаш учун кетиш мумкин эди.

2022 йилда Россия ҳукумати коронавирус чекловларини олиб ташлади, шу сабабли, экспертлар фикрича, Россияга муҳожирларнинг табиий оқими қайта тикланди.

Хўш, уюшган меҳнат миграциясини ташкил этиш сиёсати нима учун муваффақиятсизликка учради? Нима сабабдан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг рус фирмалари билан уюштирган контрактлари муҳожирларни қониқтирмай қолди?

Вазиятдан хабардор ўзбекистонлик миграция эксперти 2017 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасида “оргнабор” ёки “уюшган тартибда ёллаш” тўғрисидаги келишув қоғозда қолиб кетгани ва бу ҳужжат шартлари бажарилмаётганини айтди.

- Бизда “оргнабор”нинг ўзи йўқ эди – уни 2017 йилда келишилгандек ташкиллаштира ва оммалаштира олишмади. Ғоянинг ўзи яхши, уни амалга ошириш – ноль! Саноқли россиялик “эркатой” компаниялар бор эдики, Меҳнат вазирлиги агентлари фақат шу компаниялар учун одам ёлларди. Бундан Меҳнат вазирлигидаги юқори лавозимли шахслар ҳам манфаатдор эди ва уларнинг буйруғи билан фақат шу компанияларга ишчилар ёлланарди. Ваҳоланки, айнан шу компаниялар устидан мигрантларимиздан энг кўп шикоятлари келиб тушган. Амалда иш-маош бермоқчи бўлган Россия компанияларига бирорта ишчи жўнатилмасди. Коррупциялашган бу лойиҳа бошиданоқ муваффақиятсизликка учраши аниқ эди.

Айни дамда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий Телеграм-каналидаги хабарлардан Россия ва бошқа ўлкаларга ишчи мигрантларни ёллаш ишлари жадал суръатлар билан давом этаётгани англашилади.

Миграция расмийлари вилоятларда иш ярмаркаларини ташкил этилаётгани, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ишчилар ва ҳатто уларнинг оила-аъзолари учун кафолатлар берилаётгани, иш шароитлари ўрганилаётгани, маошлари ундириб берилаётгани ҳақида ҳисоботлар бериб келишади.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаровнинг маълум қилишича, айни пайтда Россияда 1,5 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир меҳнат қилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси идорасига кўра, республика ташқарисида жами 2,4 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилади. Россиядаги ишчилар хорижда меҳнат қилаётган мамлакат фуқаролари умумий сонининг 63 фоизини ташкил қилади.

Россияда ўтказилган сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра, Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча ишлаб турган Ўзбекистон фуқароларининг ярмидан кўпи ( 59 фоизи) ҳозирча ватанига қайтишни режалаштирмаяпти.

XS
SM
MD
LG