Ссылки доступа

Рус пропагандаси Алламжоновни Россияга қарши кампанияда айблади


Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Элизабет Трюдо билан. Тошкент, октябрь, 2022 йил.

Сўнгги кунларда қатор россияпараст Телеграм-канал ва вебсайтларда бирданига бир неча ўзбекистонлик тармоқ фаоллари, таҳлилчилар ва ҳатто Президент администрацияси мулозими Россияга қарши ахборот кампаниясида абланган рус пропагандаси услубидаги мақолалар чоп этилди.

Ўзбек фаоллар ва Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжоновга қарши ахборот хуружи маҳаллий таҳлилчилар назарида Ўзбекистон Россия пропагандаси таъсирига қарши қадамлар қўйишни бошлаган паллага тўғри келмоқда.

Олдинроқ UzDigital TV рақамли телевидениеси айрим вилоятлардаги мижозларига дунёнинг етакчи телеканаллари, жумладан, BBC, CNN ва Bloomberg каналлари контентини таклиф қилган эди. Таҳлилчиларга кўра, Россия пропагандасига қарши очиқча курашдан тийилаётган расмий Тошкент муқобил ахборот каналларини таклиф қилиш билан Кремль таъсирини мувозанатлашга ҳаракат қилмоқда.

Кузатувчилар ва экспертлар Ўзбекистон ўз ахборот майдони ва сўз эркинигини Россиянинг агрессив пропагандасидан ҳимоя қилиши лозим, деган фикрда.

2 ноябрь куни Телеграмдаги "Asia Today" канали "Ўзбекистон ахборот майдонида очиқча русофобия" деб номланган мақола эълон қилди. Бир вақтнинг ўзида "Собственний корреспондент" ва бошқа россияпараст Телеграм-каналлар томонидан кўчириб босилган мақолада сўз Ўзбекистон президенти админитсрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов ҳақида боради.

Алламжоновнинг ўтган ой Тошкентга ташриф буюрган АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Элизабет Трюдо билан учрашгани эслатилган мақола муаллифи Алламжоновга ўзига хос услубда таъриф беради.

"Алламжонов - ўзининг русофоб позицияси ва Россия томонидан олиб борилаётган махсус ҳарбий амалиётга салбий муносабати билан танилган ўзбек сиёсатидаги ёқимсиз персонаждир", деб ёзилади мақолада. Телеграм-каналнинг иддао қилишича, АҚШ Давлат департаменти мулозимининг Тошкентга ташрифи ортиданоқ "Алламжонов назоратидаги" ўзбек ОАВ ҳамда блогерлари очиқчасига русофоб матн ва сюжетлар эълон қилишни бошлаб юборганлар.

Мақолада шунингдек, ўзбекистонлик таниқли блогер Никита Макаренконинг Россия босқинига қарши фикрлари, инсон ҳуқуқлари фаоли Валентина Чупикнинг “Россияга қарши фаолияти”, тадбиркор Зафар Ҳошимовнинг тармоқдаги постлари ва Камолиддин Раббимовнинг гўёки “россия пропагандасига қарши урушга” чақириқлари "фош" этилади.

Россияпараст Телеграм-канал иддаосича, ҳукумат бу вазифани Комил Алламжоновга юклаган ва у “аксилроссия риторикасида “барча қуроллардан Россияга зарба беришни бошлаган”.

“Ўзбек қўғирчоқбози” деб аталган Комил Алламжоновга қарши кескин оҳангда ёзилган постда у гуё ўз фаолиятига йирик тадбиркор ва жамоатчилик фаолларини ҳам жалб қила бошлагани иддао қилинади. Нашр муаллифи бу гуруҳда “Корзинка” савдо тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов, блогер Никита Макаренко, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, ўзбек ҳуқуқ фаоли Валентина Чупиклар борлигини иддао қилади.

XS
SM
MD
LG