Ссылки доступа

Россия Туркияга иккинчи С-400 полкини етказиб беришини эълон қилди


Москва Туркияга С-400 зенит-ракета комплексларининг иккинчи полкини сотишини эълон қилди. Бу ҳақда Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати раҳбари Дмитрий Шугаев маълум қилди.

Аввалроқ Анқара томонидан биринчи полкни сотиб олиш АҚШ томонидан санкцияларга сабаб бўлган, Вашингтон комплексларни сотиб олиш НАТО аъзоси мажбуриятларига зид, деб ҳисоблайди.

Шугаев шартнома ҳақида Москвада бўлиб ўтган «Армия-2022» форумида эълон қилди. У келишув қачон тузилганини айтмади, аммо бу Туркияда комплекслар ишлаб чиқаришни қисман маҳаллийлаштиришни назарда тутишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “қийин сиёсий вазият” “Россия томонининг шериклар билан ўзаро муносабатларининг айрим жиҳатларига таъсир кўрсатган”, бироқ Туркия билан ҳарбий-техник ҳамкорлик давом этмоқда.

С-400 Триумф узоқ ва ўрта масофали ракета тизими бўлиб, у 2007 йилда фойдаланишга топширилган, Туркиядан ташқари, Москва уни Хитой ва Ҳиндистонга этказиб берган. Москва ва Анқара 2017 йилда комплексларни етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Туркия бу тизимларни қўлга киритган биринчи НАТО давлати бўлди.

Вашингтон Анқарадан комплекслардан воз кечишни бир неча бор талаб қилган. Туркия бунга жавобан иттифоқчилар ракета тизимларини мақбул шартларда тақдим эта олмаслигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўшма Штатлар Россия тизимларини сотиб олгани сабабли Туркияга Ф-35 қирувчи самолётларини етказиб беришдан бош тортган ва бир неча турк расмийларини санкциялар рўйхатига киритган эди. Бир қатор Америка ва Европа ОАВлари аноним манбаларга таяниб, Вашингтон санкцияларни бекор қилиш эвазига Туркияга етказиб берилган комплексларни Украинага беришни таклиф қилаётгани ҳақида хабар беришди. Шунга қарамай, апрель ойида Анқара иккинчи ракета полкини сотиб олишга тайёрлигини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG