Ссылки доступа

Россия: Президент сайловида овоз бериш жараёни бошланди


Россияда 15 март тонгидан президент сайловида овоз бериш бошланди. Илк бор уч кун давомида ўтказиладиган овоз бериш жараёнининг 17 март куни якунига етиши кутилмоқда.

Москва вақти билан 14 март куни соат 23:00 да Россиянинг шарқидаги энг чекка нуқталар - Чукотка ва Камчаткада сайлов участкалари очилган. Овоз бериш участкалари Украинанинг Россия томонидан ишғол этилган ҳудудлари - Запорожье, Херсон, Донецк ва Луганск вилоятлари ҳамда аннексия қилинган Қрим яримороли ҳудудида ҳам очилади.

Украина ҳудудида Россия расмийлари назорати остида бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари ўзларининг овоз беришга мажбурланаётганлари ҳақида маълум қилишган.

Россияни 2000 йилдан буён бошқариб келаётган Владимир Путин бешинчи муддатга президентликка номзодини қўйган. Сайловда амалдаги президентдан ташқари яна уч номзод – “Янги одамлар” (“Новие люди”) партиясидан Давлат думасига сайланган Владислав Даванков, Россия Компартиясидан (КПРФ) депутат Николай Харитонов ва Россия либерал-демократик партиясидан (ЛДПР) депутат Леонид Слуцкий иштирок этмоқда.

Парламентга кирмаган партиялардан бўлган барча номзодлар ва ўз номзодини ўзи кўрсатиб, имзо тўплаган шахсларга Россия Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш бўйича рад жавобини берган. Даставвал президентлик лавозимига 15 нафар номзод даъвогарлик қилган. Булар орасида фақат Россия Давлат думасига кирган партиялар номзодларидангина (Даванков, Харитонов ва Слуцкийдан) рўйхатга олинишда имзо талаб қилинмаган. Путин эса ўз номзодини ўзи кўрсатган шахс ўлароқ имзо тўплаган.

Ржев шаҳридан бўлган журналист Екатерина Дунцовага Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларида хатоликлар борлигини урғулаб, имзо йиғишга ҳам йўл берган эмас. МСКдан рад жавоби олганидан кейин Дунцова Олий судга ариза топширган ва ўз тарафдорларини бошқа бир номзод – Борис Надеждинни дастаклашга чақирган.

Тошкентда туғилган Надеждин ўз номзоди рўйхатга олиниши учун 200 мингдан зиёд россияликнинг имзосини йиғишга муваффақ бўлган. Аммо МСК у томонидан топширилган имзоларнинг 15 фоиздан кўпроғини чиқитга чиқарган. Амалдаги қонунчилик бўйича топширилган имзоларнинг фақат 5 фоизи яроқсиз бўлиши мумкинлигини урғулаган сайлов комиссияси расмийлари Надеждинни номзод ўлароқ рўйхатга олмаганлар. Борис Надеждин судларда ҳам МСК қарорини бекор қилдиролмаган.

Россияда сўнгги йилларда бўлиб ўтган сайловлар мустақил кузатувчилар ва экспертлар томонидан “эркин ва адолатли бўлмаган сайловлар” ўлароқ баҳоланган. Расмийлар сайлов жараёнига аралашиб, кремлпараст номзодлар учун имтиёзлар яратган, қатор ҳолатларда бевосита овоз бериш жараёни сохталаштирилган. Президент сайловида мустақил халқаро кузатувчилар иштирок этмайди, Россия фуқаролари учун ҳам мустақил кузатувчилик қилишда жиддий чекловлар бор.

Шарҳловчиларнинг кўпи бўлиб ўтаётган президент сайловида Россиядаги барча пишангларни феълан назорат қилиб келаётган Путиннинг ғалаба қилиши аллақачон ҳал бўлган масала эканини айтмоқда. Аввалроқ маҳаллий нашрлар ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда президент администрацияси Путин ғалабасини камида 80 фоизлик овоз натижаси билан таъминлашни истаётгани ҳақида ёзган эди. Давлатга қарашли Бутунроссия ижтимоий фикрни ўрганиш маркази яқинда ўтказилган сўров амалдаги президент учун сайловчиларнинг камида 75 фоизи овоз беришга тайёрлигини кўрсатганини билдирган.

Россия мухолифати Владимир Путин сиёсатидан норозилик бўлган барчани 17 март куни тушда сайлов участкаларига бориб, шу тариқа ўзининг яширин норозилигини изҳор этишга чақирган. Мазкур ғоя шу йил февралида қамоқхонада ўлган Алексей Навальнийнинг командаси ҳамда мухолифатчи Михаил Ходорковский томонидан ҳам дастакланган.

Бунга жавобан прокуратура “фуқароларга ўзининг сайлов ҳуқуқларини эркин амалга оширишга тўсқинлик қилганлик ҳамда сайлов комиссиялари ишига халақит берганлик” учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини эслатиб, таҳдид қилган. Россия Жиноят кодексидаги тегишли моддага кўра, бу иш учун беш йилга қамалиш мумкин.

Алексей Навальнийнинг беваси Юлия The Washington Post газетасида рукнида Ғарб мамлакатларини Россиядаги президент сайлови натижаларини тан олмаслик ва Владимир Путинни легитим давлат раҳбари деб ҳисобламасликка чақирган.

Европа парламентининг қатор депутатлари ва бошқа сиёсатчилар ҳам Россиядаги сайлов натижалари ва Путиннинг легитимлилигини тан олмасликка чақиришган. Улар бунга Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида овоз бериш жараёни ўтказилаётгани, Россия конституциясига Путиннинг бешинчи муддатга сайланишига йўл очган ўзгартишлар киритилгани ва бошқаларни асос ўлароқ келтиришган. Ғарб мамлакатлари лидерлари Россиядаги президент сайлови натижалари тан олмаслик эҳтимоли ҳақида ҳали бирор мулоҳаза билдирганларича йўқ.

XS
SM
MD
LG