Ссылки доступа

Россия ширкатлари окоп қазиш учун одамларни ёппасига ишга олмоқда


Вакант ўринларга одам ёллаш билан шуғулланувчи рус ширкатлари Украинанинг аннексия қилинган ҳудудлари ва Россиянинг Белгород вилоятида окопларни қазиш ва истеҳкомлар қуриш учун одамларни ёппасига ишга олмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиоси рус хизмат хабар берди.

Хабарда айтилишича, бу борада иш қидиришга ихтисослашган HeadHunter порталида, “Авито” сайтида ва “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида ўнлаб эълонлар пайдо бўлган.

Эълонларда ишчилар вахта услубида ишлаши ва ойига 89 минг рублдан 258 минг рублгача иш ҳақи олиши айтилган. Бундан ташқари ишчиларга бепул ётоқ, овқат ва транспорт ваъда қилинган.

“Можем объяснить” телеграм каналининг ёзишича, эълонларнинг кўпчилигида буюртмачи сифатида "СтройКом" ширкати кўрсатилган. Мазкур ширкат сайтидаги маълумотларга қараганда, у Қрим кўпригини, Сочи аэропортини, Нижний Новгороддаги стадионни, Петербургдаги "Лахта-центр"осмонўпар биноси қурилишига ишчи ёллаш билан шуғулланган.

Журналистлар интернетда мазкур ширкат тўғрисида кўплаб негатив шарҳларни топган. Жумладан, бу ширкат ишга ёллаган шахслар маиший шароитнинг оғирлигидан, ойликларнинг ўз вақтида берилмаслигидан, баъзан эса умуман ойлик маош олиша олмаганидан шикоят қилганлар.

Украина контрҳужумга ўтган куз ойларида Россия армияси аннексия қилинган Қримнинг Херсон вилояти билан чегарадош ҳудудида окоплар қазий бошлагани хабар қилинган эди. Кейинроқ мудофаа истеҳкомлари Россиянинг Белгород ва Курск вилоятларида ҳам қурилаётгани маълум қилинган.

XS
SM
MD
LG