Ссылки доступа

Россия футбол иттифоқи Осиё конфедерациясига қўшилиши мумкин


Александр Дюков

Россия футбол иттифоқи ижроия қўмитаси яқин кунлардаги йиғилишларидан бирида Европа футбол ассоциацияси – УЕФА аъзолигидан чиқиш ва Осиё футбол конфедерацияси таркибига қўшилиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

Бу ҳақда 27 ноябрда Россия футбол иттифоқи ижроия қўмитаси раиси Александр Дюков маълум қилди.

“Қарор қабул қилинишига ишончим комил эмас, лекин вазият муҳокама қилинишига эҳтиёж бор”, деди Дюков.

У бир неча ой олдин Осиё конфедерациясига қўшилишга “эрта” деган ишончда бўлганини, аммо УЕФА Украина уриши ортидан Россия футболини ўйинлардан четлатганидан сўнг бу масала кун тартибига чиққанини урғулади. Дюков ҳали Осиё конфедерацияси вакиллари билан бу масалада гаплашмаганини айтди.

Осиё конфедерациясига қўшилгач Россия халқаро мусобақаларда иштирок этишга умид қилмоқда, чунки Осиё давлатларининг кўпчилиги Украинадаги босқинга нейтрал муносабатда бўлмоқда. Айни пайтда УЕФАдан чиқиши билан Россия футбол жамоалари Европа кубоқларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Россия 2024 йилги Европа чемпионатидан ҳам четлатилган, терма жамоа саралаш ўйинларига қуръа ташлаш маросимида иштирокчилар қаторига киритилган эмас.

Россия терма жамоаси расмий мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан четлатилганидан сўнг Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказди.

Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида 20 ноябрь куни бўлиб ўтган футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 0:0 ҳисобида якунига етди. Россиялик футболчилар 23 сентябрь куни Қирғизистон, 17 ноябрь куни эса Тожикистон жамоаси билан учрашган. Биринчи ўйинда Россия терма жамоаси қирғизистонликларни 2:1 ҳисобида ютган. Тожикистон билан ўйинда эса дуранг натижа қайд этилган.

XS
SM
MD
LG