Ссылки доступа

Россия суди Гулнора Каримованинг Москвадаги олтита квартирасини мусодара қилди


Гульнара Каримова
Гульнара Каримова

Россия суди Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Москвадаги олтита квартирасини мусодара қилди, деб ёзади «ТАСС».

Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Музраф Икромовнинг аниқлик киритишича, Россия ва Ўзбекистон Каримованинг суд томонидан мусодара қилинган квартираларини сотишдан тушган маблағни тенг тақсимлайди, уларни амалга ошириш жараёни давом этмоқда.

2020 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда Каримованинг 1,3 миллиард доллар миқдоридаги “жиноий йўл билан орттирилган активларини” қайтариш билан шуғуллангани ҳақида хабар берган эди. Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистон собиқ президенти қизининг Россиядаги ҳисоб рақамларида 6 миллион доллар сақланмоқда, у шунингдек, Москвадаги «Камелот» турар-жой мажмуасидаги пентҳаус, Рублевка массивидаги уй ва саккизта хонадонга эга. Бундан ташқари, у Ялтада умумий қиймати 2 миллион доллардан ортиқ бўлган меҳмонхона мажмуаси, турар-жой биноси ва ер участкасига эга.

Аввалроқ Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида мусодара қилинган мол-мулкни қайтариш учун Швейцария ва Ўзбекистон БМТнинг кўп томонлама траст фондини ташкил этиши маълум бўлган эди. Ҳозирда тахминан 131 миллион доллар қайтаришга тайёр – бу 2012 йилдан бери Каримованинг Швейцария банкларидаги ҳисоб рақамларида қолган пулдир.

2013 йилда Ўзбекистонда Гулнора Каримовага нисбатан давлат маблағларини ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб, иккита жиноий иш очилган эди. 2015 йилда биринчи ҳолатда у беш йилга озодликдан маҳрум этилган, 2017 йилда иккинчи ҳолатда у 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилди.

2020 йил март ойида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди уни 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилган. Каримова тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш ва талончилик, жиноий даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган. 2019 йил баҳоридан буён Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда.

Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши иш АҚШ ва Европанинг бир қатор давлатларида коррупция ва пул ювиш бўйича шу каби жиноий ишларда айбланувчи бўлганидан кейин очилган. Тергов маълумотларига кўра, Каримова Ўзбекистонда уяли алоқа учун лицензия бериш эвазига телекоммуникация ва бошқа компаниялардан тахминан 1 миллиард доллар пора олган. Кейинчалик у ва унинг атрофидагилар бу пулларни оффшор компаниялар орқали чет элга олиб чиқиб, улар билан ўндан ортиқ виллалар ва бошқа кўчмас мулк сотиб олишди.

XS
SM
MD
LG