Ссылки доступа

Россия хоккей бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди


Халқаро хоккей федерацияси (ХХФ) 2023 йил Санкт-Петербургда ўтказилиши керак бўлган жаҳон чемпионатини бошқа давлатга кўчиришга қарор қилди.

Федерация бу қарор хоккейчилар, расмийлар, ОАВ ва мухлислар хавфсизлиги учун қабул қилингани билан изоҳлади. Турнирнинг янги жойи кейинроқ эълон қилинади.

Аввалроқ, ХХФ Россия ва Беларусни хоккей бўйича халқаро турнирларда иштирок этишдан «кейинги хабарга қадар» тўхтатиб қўйганди. Бундан ташқари, Россия Новосибирск ва Омскда ўтказилиши керак бўлган 2023 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Россия қўшинларининг Украина ҳудудига қуролли бостириб кириши бошланганидан бери аксарият халқаро спорт федерациялари россиялик спортчиларни ўз мусобақаларидан четлатишди. Хусусан, футбол бўйича Россия терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди, Россия футбол клублари эса Европанинг энг йирик турнирлари – Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан четлаштирилди.

Сешанба куни Владимир Путин Россия спортига қарши санкцияларни шарҳлар экан, «спортчиларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш нафақат спортнинг асосий тамойилларини бузди – инсоннинг асосий ҳуқуқлари очиқ ва беадаблик билан поймол қилинди», деди. Россия Федерацияси Президенти «спортчиларимиз соф сиёсий сабабларга кўра – фуқаролиги ва миллатига кўра камситилган, бу эса олимпизм ва паралимпизм тамойилларига асло мос келмайди», деди.

XS
SM
MD
LG